19376

Кутилмаганда Президент ташриф буюрган поликлиника янги бинода иш бошлади (фото)

Тиббиёт 2 октябрь 12:27 696

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг май ойида Яшнобод туманига ташрифи чоғида кутилмаганда 32-оилавий поликлиникага кирганда муассасанинг самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари мавжуд муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш, поликлиникани таъмирлаш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш, мобиль тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берганди.

Президентимиз топшириғидан сўнг, қисқа вақт ичида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан поликлиника фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича комплекс тадбир ишлаб чиқилди. У бирламчи тиббий ёрдам бўйича мамлакатимиз ва хориж тажрибаси, аҳоли фикр-мулоҳазаси ва таклифлари ўрганилган ҳолда тайёрланди. Бунда асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарасини янада яхшилаш, шифокор қабулига кириш учун навбатларни қисқартириш, касалликларни эрта аниқлаш ва патронаж ишларини ўз вақтида мақсадли олиб бориш, шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматини самарали ташкил этишга қаратилди.

Тан олиш керак, илгари поликлиника фаолиятида камчиликлар кузатилиб, бу аҳолининг норозиликларига ҳам сабаб бўлаётган эди. Хусусан, муассасанинг моддий-техника базаси, кадрлар салоҳияти, дори-дармон ва тиббий буюмлар таъминоти ҳамда патронаж хизмати ислоҳотга муҳтож эди. Давлатимиз раҳбарининг ўринли эътирози ва тавсиялари билан бугун поликлиника фаолияти тубдан яхшиланди, муассаса янги бинода янгича мезонда иш бошлади.

Тиббиёт муассасасига киришданоқ поликлиника фаолиятининг асосий мезони халқ розилиги эканини англаш мумкин. Бундай дейишимиз бежиз эмас. Сабаби бу ерда яратилган барча шарт-шароитлар замирида, аввало, аҳолига қулайлик яратиш мақсади мужассам.

Поликлиникага ташриф буюрувчи эътибори аввало киришда осилган ўзига хос ранглардаги маълумотлар тахтасига тушиши тайин. Айнан ушбу маълумотлар орқали қайси ихтисосликдаги шифокор нечанчи хонада қабул қилиши, иш вақти ва қабул кунлари билан танишиш мумкин.

32-оилавий поликлиника хизмат кўрсатувчи маҳаллалар аҳолиси билан суҳбатлашилганда, тиббиёт муассасасидаги навбатлар масаласи кўтарилган эди. Бугун замонавий тиббиёт электрон навбат тизимига ўтмоқда ва бу тажриба мамлакатимизда ҳам ўзини оқлаётир. Шу мақсадда поликлиникада ҳам шифокор қабулига электрон ёзилиш тизими жорий этилди. Ушбу тизимнинг қулайлиги шундаки, бунда бемор ва шифокор вақти тежалади, иш самарадорлиги ортиб, режали фаолият ташкил этилади. Айниқса, ушбу қулайлик ёш болали оналар, ҳомиладор аёллар учун катта қулайлик бўлди.

— Аввалги поликлиникамиз билан бугунги поликлиникамиз ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, — дейди Жўрабек маҳалласида яшовчи Анвар Низомиддинов. — Илгари тиббий кўрикдан ўтиш учун келсак, қандайдир қоронғу юракни сиқувчи бинога кирардик. Хизматини ўтаб бўлган эски жиҳозлар, тиббий ускуналар ҳатто хоналар ҳам оғир кайфият қолдирарди. Бугун кенг, ёруғ бинога кириб келиб, ўзимни бемор эмас, меҳмондек ҳис қилдим. Кеча электрон навбат олгандим. Мана ҳеч қандай кутишларсиз, ортиқча вақт сарфламай кўрикдан ўтдик.

Яшнобод туманидаги 32-оилавий поликлиника Асалобод, Маърифат, Ширинобод, Жўрабек, Яссавий, Бойсун маҳаллаларидаги 27 минг 350 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Ушбу вазифани поликлиникада фаолият юритаётган терапевт, педиатр, гинеколог, невропатолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, хирург, инфекционист, иммунолог каби тор мутахассислар ҳамда умумий амалиёт шифокорлари ва 26 нафар патронаж ҳамшира сидқидилдан бажариб келмоқда. Бундан ташқари, поликлиника замонавий тиббий техникалар, хусусан, УТТ, ЭКГ, рақамли рентген аппаратлари билан жиҳозланган. Қувонарлиси, энди муассасанинг ўзида барча турдаги биокимёвий таҳлиллар ўтказилиши йўлга қўйилди. Бу эса шифо истаб келган беморнинг оғирини енгил қилиб, тез ва аниқ ташхис қўйиш имконини беради.

Бирламчи бўғинда кадрлар салоҳиятини яхшилаш, мутахассис ўз устида ишлаб, узлуксиз малака ошириб бориши учун шароит яратиш мақсадида поликлиниканинг ҳар бир шифокори интернет тармоғига уланган компьютер билан таъминланди. Бу мутахассисга электрон кутубхона орқали тиббиёт соҳасининг энг сўнгги янгиликлари, замонавий даволаш усуллари билан танишиб бориш, хориждаги ҳамкасблари тажрибасини ўрганиш имкониятини беради. Замон билан ҳамнафас ҳаракатланмаган ҳар қандай тизим фаолиятида олдинга силжиш, самарадорликни кўриш мушкул. Шу нуқтаи назардан, поликлиникада ҳам ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. Поликлиника ходимларининг замонавий технологияларда ишлаш малакаси оширилаётир.

— Янги бино, янги шароитда иш бошладик, бу бизга катта масъулият юклайди, — дейди 32-оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Дилдора Мирзаева. — Патронаж хизмати ишини самарали қилиш учун бизга алоҳида автомашина ажратилди. Керакли дори-дармон ва тиббий буюмлар етказиб берилди. Биз ҳам энди имкониятдан унумли фойдаланиб, сидқидилдан ишлашимиз лозим. Буни муассасамизнинг ҳар бир ходими англаб турибди. Айни дамда патронажга эҳтиёжи баланд бўлган тўққиз контингент аниқланиб, мақсадли патронаж кўриги олиб борилмоқда. Айтиш жоиз, бунда фақат ҳамшира кўрик ўтказиб қолмай, тор соҳа мутахассислари текшируви, лаборатор текширувлар ҳам ташкил этилаётир.

Яна бир қулайлик, шошилинч ҳолатларда мурожаат тушган хонадонга зудлик билан етиб бориш учун поликлиника қошида тез тиббий ёрдам подстанцияси ва унга бириктирилган махсус автомошина хизмати йўлга қўйилди. Ушбу подстанциянинг поликлиника қошида ташкил этилиши бежиз эмас. Бундан кўзланган мақсад – тез тиббий ёрдам чақирилганда масофа билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бригада хонадонга етиб боргунча беморнинг амбулатор картаси билан танишиб, бемор аввал ўтказган касалликлари, олган муолажалари ва саломатлигига доир бошқа зарур маълумотларни аввалдан билиш имкониятини пайдо қилади. Шунингдек, тез ёрдам бригадаси кўрикдан сўнг, бемор саломатлиги ҳақида умумий амалиёт шифокорини огоҳлантиради ва режали патронаж ўтказиб борилади.

Келажакда ушбу тажриба мамлакатимиздаги барча оилавий поликлиникаларга татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.


Изоҳ билдириш