55265

Тез ёрдамнинг эркак ва аёл шифокорлари аёвсиз калтакланди

Тиббиёт 17 октябрь 13:15 571

Тез тиббий ёрдам ходимларига яна тажовуз қилинди, ҳатто аёл шифокорни ҳам аямасдан ноҳақ калтаклашди, деб хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

16 октябрь куни соат 08.28 да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказигақўнғироқ қилган фуқаро Қарши шаҳри, Депо кўчаси 28-уйда яшовчи,1967 йилда туғилган Ш. Г.ҳушидан кетгани учун “тез ёрдам” чақирган. Соат 8.36 да чақириқ жойига  врач А. Б., фельдшер С. Н. ҳамда ҳайдовчи Ғ. Р.дан иборат “Тез ёрдам” бригадаси жўнатилган ва улар манзилга зудлик билан соат 08.42да етиб борган. Аммо, ўша хонадонда жам бўлган кишилар тез тиббий ёрдам ходимларини шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олишган.

Шифокор беморда ҳаёт белигиларини аниқлай олишмагач, биологик ўлимни қайд этган. Бу ҳақда у ёнида турган фельдшерга маълум қилган. Буни эшитган орқада турган икки эркак киши фельдшер С. Н.нинг белига тўсатдан кучли зарб билан қаттиқ тепган. Аёл киши бўлишига қарамасдан, врач А. Б.ни ҳам бир вақтнинг ўзида қаттиқ калтаклашган. Натижада фельдшер воқеа жойида ҳушидан кетган, врач эса жиддий тан жароҳати олган.

“Тез ёрдам” ҳайдовчиси ўша уйда бўлганлардан бири кўмагида шифокор ва фельдшерни машинага олиб чиқиб, РШТЁИМ Қарши филиалига олиб келган. Мутахассислар кўриги ва стандарт текширувларда фельдшер С.Н.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак, орқа ва бел, бош энса соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, врач А. Б.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юмшоқ тўқималарнинг  лат ейиши ташхиси қўйилган. Улар айни пайтда РШТЁИМ Қарши филиалининг нейрохирургия бўлимида даволанаяпти.

Марҳумнинг жасадини унинг яқинлари ўзларининг автомашинасида РШТЁИМ Қарши филиалига ўзлари олиб боришган. Реанимация бўлими шифокорлари уни тахминан бир соатча аввал вафот этганини тасдиқлаган. Шундан сўнг шифохона маъмурияти ички ишлар бўлимига хабар берган. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамиз, соғлиқни сақлаш вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Айни пайтда Олий Мажлис қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Ушбу ҳужжат лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида тиббиёт ходимларига нисбатан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш мумкин бўлади.

 

Изоҳ билдириш