55558

Шифокорларимиз бугунги кун қаҳрамонлари

Долзарб 27 июль 10:33 26

Саломатлик ҳар бир инсон учун бебаҳо бойлик, чунки тўрт мучаси соғлом бўлсагина ўзини шоду хуррам ҳис этади, меҳнат қилиб бундай завқланади, оиласига, яқинларига, атрофибаги одамлар нафи тегади, келажакка ишонч кўзи билан қарайди, ўз олдига юксак орзу-мақсадларни қўйиб, улар сари интилади. Жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, мамлакат тараққиёти учун ҳам фуқаролар саломатлиги муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Улуғларимиз “Тиббиёт барча санъатлар ичида энг улуғидир”, Алишер Навоий ҳазратлари эса “Ширин сўзли моҳир табиб тан хасталигига шифодур” дея бежизга лутф этмаган.  Беморлар дардига нафақат дори-дармон, касбий маҳорати, тажрибаси, балки ширин сўзлари билан ҳам бўлиб, уларни соғлом ҳаёт, оиласи бағрига қайтариш ҳар бир шифокор учун эзгу мақсад саналади.
“Шу ўринда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши мардона курашаётган фидойи шифокорларимизга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди” деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Пандемия шифокорлар қанчалик шарафли ва масъулиятли касб эгалари бўлиши билан бирга, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мақоми юқори, халқимиз орасида ҳурмати баланд эканини ҳам кўрсатиб берди.
Коронавирус инфекцияси таҳдид солиб турган бир пайтда, ҳар бир фуқаро, тиббиёт ходимларининг зиммасига катта масъулият юкламоқда. Тиббиёт ходимлари тимсолида биз ўз ҳаловатидан кечиб, юртдошларимиз саломатлиги йўлида кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган қаҳрамонларни кўраяпмиз.
Ана шундай жонкуяр инсонлардан бири — Тошкент шаҳридаги «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонасида фаолият олиб бораётган Зиёвиддин Ғуломов эди. У 1963 йили зиёли оиласида таваллуд топган. Ўша пайтдаги Собир Раҳимов, ҳозирги Олмазор туманидаги “Ҳувайдо” маҳалласида ўсиб улғайган. Отаси Нажмиддин Ғуломов 169-мактабда ўқитувчи сифатида болаларга сабоқ берган, ўтган асрнинг 60-70 йиллар илмий мудир бўлиб ишлаган. Ҳозирги даврда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган минг-минглаб инсондан Нажмиддин аканинг қўлидан етишиб чиққан. Мана шу инсоннинг фарзанди Зиёвиддин Ғуломов Тиббиёт инстутида ўқиган, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология бўлими кафедраси ташкил топишида ўз ҳиссани қўшган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 1971-1988 йилларда кафедрани профессор Одил Мухторов бошқарди. Ўзбекистон Республикаси урологлари илмий жамияти раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Одил Мухторов 130 илмий мақола ва 4 монография муаллифи бўлиб, унинг рахбарлигида 4 та номзодлик ва 1 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинган. Зиёвиддин Ғуломов қариндоши бўлган шу олимни эъзозлаб, ундан намуна олиб ўз касбини шу урология соҳасида танлаган. Шу аснода 80-йиллардан буён уролгия бўлимда шифокор уролог, бўлим мудири сифатида ишлаб келган. Шу йиллар мобайнида Зиёвиддин Ғуломов минглаб беморларнинг дардига шифо топди. Сийдик-тош касаллиги, простата бези ва бошқа касалликларни жарроҳлик усули билан даволашга муносиб ҳиссани қўшди. Унинг қўл остида иқтидорли шогирдлари етишиб чиқди.
Кимнинг қандай инсон экани эл бошига иш тушганда билинади деб ббежиз айтилмайди. Зиёвиддин Ғуломов COVID-19 тўлқини мамлакатимизга кириб келганида, яъни коронавирус касаллиги тарқала бошлаган даврда Тошкент шаҳридаги «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси уролгия бўлимида 18 кун мобайнида карантинда бўлган беморларни даволаш билан шуғулланди. Орадан маълум вақт ўтиб, касбий фаолиятини давом эттириш жараёнида шифокор коронавирус инфакциянини ўзига юқтириб олган. Шундан кейин ҳамкасбларининг тегишли чораларни қўллашига қарамасдан, Зиёвиддин Ғуломов ҳаётдан кўз юмди.
Шу муносабат билан мутасадди ташкилотлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимларидан З.Ғуломов касбий фаолиятини олиб боришда кўрсатган хизматларини, таъбир жоиз бўлса, жасоратини, фидой илигини унутмасликни сўраймиз. Шу жонкуяр инсоннинг оила аъзоларига, яқинларига ҳамдардлик билдирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Биз Зиёвиддин Ғуломов хотирлаганимиздан, эзгу амалларини, қилган ишларини ёдга олганимиздан оила аъзолари ҳар ҳолда бироз таскин топади, деб умид қиламиз.
Барча фидойи тиббиёт ходимларига, айниқса, бутун жаҳонни таҳликага солган пандемия шароитида инсон учун энг азиз неъмат бўлган ҳаёт ва саломатликни муҳофаза қилишдек шарафли вазифани бажараётгани учун юксак эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Изоҳ билдириш