23537

Тиббий хизмат жаҳон андозаларига тенглашади

Тиббиёт 13 ноябрь 14:55 844

Халқ соғлиги – бебаҳо бойлик, у мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги тараққиётини белгилаб берувчи энг муҳим омил. Тиббиёт тизимида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ бошланган чуқур ислоҳотлар айни дамда янада жадаллашган, таъбир жоиз бўлса, янги босқичга кўтарилган. Бу юртимизда инсон манфаатлари устуворлигининг яна бир намунаси, албатта.

Республикамизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Бу гал ҳам ушбу сананинг наманганлик тиббиётчилар муносиб ютуқлар билан кутиб олишаётир.

Namnews.uz мухбири Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон МЎМИНОВ билан суҳбатлашди.

– Солижон Жалилович, аввало, касб байрамингиз билан сизни ва барча соҳа ходимларини табриклаймиз. Шарафли ва машаққатли фаолиятингизда доим муваффақиятлар ёр бўлсин!

– Раҳмат.

– Сўнгги пайтда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар вилоятимиз миқёсида қандай бўй кўрсатмоқда?

– Шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари соҳамизга алоҳида эътибор қараётмоқдалар. Биз ислоҳотларимизнинг фаол ижрочисига айланишимиз, ўз жамоаларимизда кеча-кундуз тиним билмай ишлашимиз зарурлигини тобора чуқурроқ англаб бораяпмиз. Бошқача айтганда, кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликка яраша бутун куч-ғайратимизни халқ саломатлигини сақлашга сарфлашимиз шарт. Биргина 2017 йил давомида республикамиз миқёсида соҳамиз ривожи учун кенг қамровли, ниҳоятда муҳим вазифалар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган 30 яқин Президент Фармон ва қарорлари барчамизга дастуриламалдир.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Наманган аҳли учун ҳам ғоят қувончли янгиликлардан, тиббиётнинг тўхтовсиз тараққиётидан баҳрамандлик билан кечмоқда. Аввало, бирламчи тизимдаги ўзгаришларга назар ташласак, кўнглимизда мамнуният ҳислари кучаяди. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, туманларимиздаги қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилди. Қуйи бўғиндаги ўзгаришлардан мақсад аҳолига тиббий хизмат турларини янада яқинлаштириш, одамларнинг муолажа олиш эҳтиёжларини тўлароқ қондиришдан иборат. Ўтган йили вилоятимиз бўйича 211 та қишлоқ врачлик пунктлари фаолият олиб борган бўлса, жорий йилда улар сони 75 тага келтирилди. 62 таси ўрнида ихтисослашган кўпгина олий маълумотли мутахассислар хизмат кўрсатадиган қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкилланди. 27 таси эса поликлиникаларнинг тез тиббий ёрдам бригадалари масканига айлантирилди. Узоқларини яқин, мушкулларини осон қилган мақбуллаштиришдан одамлар беҳад хурсандлик изҳорлашмоқда.

– Президентимиз томонидан 2017 йил 16 мартда қабул қилинган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан вилоятда қандай ишлар амалга оширилаяпти?

– Мазкур Фармон замон талабларига тўла жавоб беролмай қолган бу соҳада қатор ижобий ўзгаришлар ясалишига сабаб бўлди. Чунончи, Фармон қабул қилиниши биланоқ вилоятимизга 79 та “Дамас” АМБ санитар машинаси ажратилди. Уларни Наманган шаҳри ҳамда барча туман тиббиёт бирлашмалари ихтиёрига бердик.

Эндиликда тез тиббий ёрдам кўрсатувчилар ўзларининг номларига яраша ишлаш имкониятига тўла эга бўлмоқдалар. Янги машиналар шайлиги учун врачу ўрта тиббиёт ходимларимиз ҳар бир чақириққа кечикмай етиб боришяпти.

– Тез тиббий ёрдам хизматининг дори-дармон билан таъминланиш даражаси ҳам ўзгардими?

– Албатта, дори-дармонлар таъминотида ҳам тўкисликка эришилмоқда. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг белгилаган меъёрларига мувофиқ, махсус бригадаларнинг ҳар бирига 41 турдаги, йўналишдаги бригадаларнинг ҳар бирига 36 турдаги дори-дармонлар етказиб бериляпти. Бу 2016 йилдагига қараганда икки бароварга кўпайтирилганлигини англатади.

Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалида маълумотларни узатишнинг ягона тармоғи бирлаштирилди. Бунинг соҳадаги самарали жиҳати шундаки, вилоятимизнинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати такомиллашди. Марказдаги санитар автотранспортларига GPS навигаторлари ўрнатилган. Диспетчерлик пунктидаги монитор орқали чақириқда юрганлар доимий назоратга олиб турилади.

Тез тиббий ёрдам хизматидаги шифокорларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида улар наинки Тошкент врачлар малакасини ошириш институтига, айни маҳалда, хориждаги шундай муассасаларга ўқув амалиётига юборилмоқда. Ҳозиргача Россия, Австрия, Япония мамлакатларида бир гуруҳ мутахассисларимиз малака ошириб қайтдилар. Бундан буён тез тиббий ёрдамни жаҳон андозаси даражасида ташкиллаш ҳаракати тобора кучайтирилаверади.

– Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори халқимиз учун навбатдаги ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди. Шундай эмасми?

– Дарҳақиқат. Ушбу Қарорнинг қабул қилинишидан кутилган мақсад ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимини янада шакллантириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини такомиллаштириш, аҳолига, шу жумладан, минтақаларда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг натижадорлиги, сифати ва ундан фойдаланиш даражасини тубдан оширишдан иборат.

Вилоятимиз халқининг ушбу қарордан сўнг ихтисослашган хизматлардан баҳрамандлиги пойтахтда яшаётганларникидан қолишмаслигига эришиш вазифаси зиммамизга юклатилган. Ҳадемай катта ишларга киришилади. – яъни ихтисослашган марказларнинг вилоятимиздаги филиалари очилади.

Бунгача ҳам режали зарур тадбирлар ойма-ой ўтказиб келиняпти. Республикада ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, шу жумладан, хирургия, кардиология, кўз микрохирургияси, урология, акушерлик ва гинекология, педиатрия, эндокринология, онкология ва радиология, терапия ва тиббий реаблитация, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий марказларининг олим-шифокорлари Наманганимизга қайта-қайта келишиб, тажрибаларини ўргатишяпти, беморларни қабул қилишяпти, “Маҳорат дарслари” уюштирилиб, мутахассисларимиз билан биргаликда амалий жараёнларда қатнашишяпти. Энг муҳими, устозу шогирд анъанаси янги тарзда, яъни шогирдлар устозлар олдига бориб эмас, устозлар шогирдлар ҳузурига ташриф буюришган ҳолда давом эттириляпти. Бу, давр талабига, ҳозирги давлат сиёсатига монанд фаолиятга айланиб улгурди. Яқинда вилоятимизда “Аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш” мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжумандан сўнг бизнинг ислоҳотлар изчиллигини таъминлашдаги масъулиятимиз янада ошди.

– Вилоятдаги хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Мамлакатимизда тиббиётнинг хусусий секторига тобора қулай шароитлару, кенг имкониятлар яратиб қўйилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори долзарблиги ва муҳимлиги билан катта аҳамият касб этмоқда. Йилнинг биринчи чорагида вилоятимизда хусусий муассасаларимиз 260 тани ташкил қилган бўлса, ўтган давр давомида 280 тага яқинлашди. Янги-янги шахобчалар очилмоқда, янги-янги хизмат турлари йўлга қўйилмоқда. Айниқса, тор доирадаги ихтисосликлар йўналишидаги фаолиятлар кенгаяётгани ғоят қувончли. “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни амалдаги тантанасини таъминловчи мазкур Қарор хусусий тиббиётчиларимизнинг касалликларга ташхис қўйиш ва беморларни сифатли даволаш борасидаги саъй-ҳаракатларини кундан-кун жадаллаштиришга хизмат қилаверади.

– Фуқароларни арзон, сифатли дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш масаласи қандай ҳал этилмоқда?

– Бу масалага ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Дори-дармонларнинг 340 номдагисига чекланган нархларнинг белгилаб қўйилиши халқимизга манзур бўлмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш борасида яна бир янги қадам қўйилди, десак ҳам муболаға эмас. Президентимизнинг 2017 йил 17 июлдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги +арори нафақат шифокорларни, фармацевтларни ҳам ўз фаолиятларига танқидий кўз билан қарашини талаб қилишини яхши биламиз. Ҳозирда, дорихоналарда қатъий тартиб ўрнатилди, назорати изчил олиб бориляпти.

Бугун ҳеч иккиланмай айта оламизки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар хорижникидан асло қолишмайди. Таъсир кучи ҳам, сифати ҳам. Боз устига: уларнинг арзонлиги халқ фаровонлиги учун фойда келтиради. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда вилоятимизда фармацевтика саноати жадал ривожлантириляпти. Ҳиндистон ва Россия фармацевтлари билан ҳамкорлик қилишга киришилди. Айниқса, Косонсой туманининг фармацевтика бўйича эркин иқтисодий зонага айланаётгани бу борадаги ишларнинг тобора юксалишига қулай шароитлар туғдирмоқда.

– Тиббиёт тор доирадаги соҳа эмас. У дунёвий билим, дунёвий малака талаб этадиган тармоқ. Хорижий давлатлардаги ҳамкасблар билан ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

– Бу борадаги ҳамкорлик миқёсини йилдан йилга кенгайтиряпмиз. Шу йилнинг ўзида биз бир гуруҳ мутахассислар Россия ва Ҳиндистонда бўлдик. Уларнинг тиббиёт марказлари ва клиникаларида тажрибаларини ўргандик. Айни маҳалда Россия, Ҳиндистон, Германия, Япония, Туркия мамлакатларининг юқори малакали олим-шифокорлари вилоятимизга ташриф буюришди. Истиқлолли юртимизнинг истиқболли ишлари билан танишдилар, бизнинг ҳаракатларимизга юқори баҳо беришди.

Вилоятимизда аҳолининг ногирон ва эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш доимий диққат марказимизда турибди. Имконияти чекланганларга зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ ишларни муттасил амалга ошириб келяпмиз. Жорий йил давомида давлат бюджети ҳамда ҳомийлар маблағларидан 320 та ногиронлар аравачаси, 58 та эшитиш воситаси ва 85 жуфт қўлтиқтаёқ, 24 та ҳасса эҳтиёжмандларга тарқатилди. Ҳар ойда ҳамюртларимизга республикамиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига, Наманган ва Андижондаги етакчи даволаш муассасаларига бепул имтиёзли йўлланмалар беряпмиз. Улар бундай ғамхўрликлардан беҳад миннатдор бўлишяпти.

– Шу йил 18 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда тилга олинган вазифалар юзасидан қандай чора-тадбирлар белгиланди?

– Аслида шунгача ҳам Президентимиз уч маротаба видеоселектор йиғилишида мавжуд аҳволни муҳокама этиб, долзарб вазифаларни аниқ белгилаб берган эдилар. Бугун ҳам мавжуд ҳолатнинг қониқарли эмаслигини чуқур англаб, ҳали олдимизда бажаришимиз зарур бўлган ғоят муҳим вазифалар навбат кутиб турганини бирор лаҳза унутишга ҳаққимиз йўқ.

Йиғилишда айтилганидай, аҳолини патронаж ва тизимли диспансеризация билан тўлиқ қамраб олиш, она ва бола скрининги ҳамда тиббий-генетик хизматни янада такомиллаштириш ва ушбу хизматларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида 2018-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакаси ва шахсий масъулиятини етарли дейишга ҳали эрта. Бундай салбий ҳолатга барҳам беришнинг самарали йўли давлат ва хусусий сектордаги барча мутахассислар фаолиятини лицензиялаш тизимига ўтказиш зарурати алоҳида таъкидланди. Бундан буён халқ саломатлигини сақлашдек ўта масъулиятли ва шарафли вазифа шунга яраша билими, малакаси ва уқуви бор мутахассисларгагина ишониб топширилади.

Изоҳ билдириш