30331

Болаларда учровчи нутқий нуқсонлар. Сабабини бош миядан излаймиз

Тиббиёт 26 январь 7:44 4 705

Болаларда учровчи нутқий нуқсонларнинг неврологик сабаблари

Айримлар нутқ билан боғлиқ муаммоларни фақат логопед шифокорнинг иши деб ўйлаб, хато қиладилар. Ҳамма нарса мия орқали бошқарилганидек тил ҳам бош органга бўйсунади. Боланинг тили кеч чиқиши, дудуқланиши, ҳарфларни тўғри талаффуз қилолмаслиги каби ҳолатларнинг илдизи неврологик муаммога бориб тақалади.

Гапирмайдиган болалар дарди
Анартрия – нутқнинг мавжуд эмаслиги, артикуляцион компонентни таъминловчи асаб-мушак аппарати зарарлангани юзасидан соқовлик вужудга келиши. Унда бола ҳарф, бўғин, сўз, баъзида товушларни ҳам талаффуз қилолмайди, гаплари атрофдагиларга тушунарсиз бўлади. Гапиришга ҳаракат қилади, лекин жуда қийналади, димоғда гапираётганга ўхшайди, дудуқланади. Бу ноқулайлик болани азобга ва уятга қўяверганидан бора-бора умуман гапиришни хоҳламай қолади ва фикрини ҳаракатлар ёки ёзув орқали ифодалашга ўтади. Беморларнинг бир қисмида овқат ейиш, сув ичиш пайти ҳам ноқулайлик кузатилиб, томоғи, нафас йўлида тиқилиш юзага келади ва болани йўтал тутади.

Бола эшитади, лекин сўзлолмайди
Анартрияни кар-соқовлик билан адаштирманг. Анартрияда бола яхши эшитади, фақат гапира олмайди ёки жуда қийналиб гапиради. Бундай болаларнинг характери ҳам ўзига хос бўлиб, тортинчоқ, ташқи муҳитга қизиқиши паст бўлади.
Касалликнинг енгил даражасида бола товуш ва бўғинларни оғзидан чиқара олади. Ўртачасида гоҳ гоҳида айрим товушларни талаффуз қилади. Оғир даражадаги анартрия умуман гапиролмаслик билан кечади.

Сабабини бош миядан излаймиз
Асосан бош миянинг жиддий зарарланиши, жароҳатланиши, йиринг тўпланиши, ундаги шишлар, мияда қон айланишнинг сурункали бузилишлари, қон қуйилиши, склероз, энцефаломиелит ушбу нохуш ҳолатга олиб келади. Шунингдек, заҳарланиш, ботулизм, наслий касалликлар анартрияга сабабчи бўлади.
Артикуляция кўп жиҳатдан бош мияга боғлиқ. У тил, лунж, томоқ ҳаракатлари координациясига жавобгардир. Бош мия касалликлари (шишлар, мияда қон айланишининг бузилиши каби) сабаб артикуляцияда носозлик вужудга келади.

Қайси шифокор даволайди?
Ота-оналар мутахассисга қанча эрта мурожаат қилсалар, шунча яхши. Ўз вақтида кўрилган тадбир даволаш имконини оширади ва асоратлардан асрайди. Болани аввало невролог даволайди. Бир қанча текширувлардан ўтказади. Беморни кўздан кечириб, қайси сўз ва ҳарфларни айтолмаётганига аҳамият қаратади. Боланинг томоғи, тили, юз асимметрияси, юз мушаклари ҳаракатини кўздан кечиради.
Кейинги ўринда отоларинголог ва логопед кўриги талаб этилади. Талаффузнинг бузилишига лор аъзоларидаги шиш ва жароҳатлар сабаб бўлиши мумкин. Логопед эса мавжуд нутққа баҳо беради, темп ва тембрга диққат қаратади, қайси товуш ва ҳарфларни талаффуз қилишда қийналаётганини ўрганади.
Баъзида болаларда қаттиқ қўрқув, кучли стресс ортидан ҳам нутқ бузилиб ёхуд йўқолиб қолади. Бундай ҳолларда беморга неврологдан ташқари психолог кўриги ҳам зарур. Дард наслдан наслга ўтган тақдирда генетик маслаҳати олинади. Бош мияда шиш сабаб деб топилса, қўшимча равишда онколог кўригидан ўтилади.
Бола бошини электроэнцефалограмма, компьютер томография ва магнит-резонанс томография орқали текшириш заруратга айланади. Бунда қон айланишнинг бузилиш ўчоқлари, шиш, йиринг ва бошқа муаммолар яққол кўринади.
Агар бошда шиш, гематома, йиринг борлиги аниқланса, жарроҳлик йўли билан олиб ташланади. Артериал босимни мўтадиллаштириш, қон айланиши ва моддалар алмашинувини яхшилаш учун болага мос келувчи препаратлар буюрилади. Кичкинтойдаги қўрқувни енгиш мақсадида тинчлантирувчи воситалар қўлланилади.
Логопед дефектни тўғирлаш учун махсус машқлар буюради. Масалан, даволовчи физкультура, тил, лаб, лунж ҳаракатларини кенгайтирувчи машқлар қўл келади. Бундай болаларга физиотерапия ҳам буюрилади. Ультра юқори частотали ток, магнитли терапия, игнали рефлексотерапия муолажаларидан фойдаланилади.
Боланинг тили чиқишини узоқ кутманг!
Албатта, анартрия беэътибор қолдириладиган дард эмас. Фарзандининг гапира олмаслиги ёки норасо гапириши ҳеч бир ота-онани хотиржам қилолмайди. Шунинг учун бундай дардли болалар аксарият ҳолларда ўз вақтида шифокорга ҳавола этилади. Тўғри, айрим ота-оналар “Ҳали кичкина, катта бўлганида ўз-ўзидан яхши гапирадиган бўлади”, “Ҳадемай тили чиқиб қолар”, деб нотўғри ҳукм ясайдилар. Аслида, анартирия – касаллик, ўткинчи ҳолат эмас. Агар у давосиз қолдирилса, бола катта бўлгани сари нутқидан уяладиган бўлиб қолади ва ижтимоий жиҳатдан яккаланиб қолади.
Касалликнинг олдини олиш учун болага туғилганидан бошлаб мунтазам равшида педиатр кўригини таъминлаш керак. Соғлиқ билан боғлиқ ҳар қандай муаммо юз берганида, шифокорга шошилиш лозим. Болаликдан соғлом турмуш тарзи ўрнатиш, очиқ ҳавода сайр қилиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, кун тартибига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, вақтида ухлаш, қон босимини назоратда ушлаш муҳим аҳамиятга эга. Асосий аъзо ҳисобланмиш бошни асраш, турли касаллик ва жароҳатлардан эҳтиёт бўлиш даркор.

Маъколани “Salus vita” клиникаси нейрофизиолог шифокори Арипова Шахло Абдукаххоровна тайёрлади.

Изоҳ билдириш