9998

Алишер Султонов: Уч қаватли данғиллама ҳовли қуришга пул етади, лекин газ ва электроэнергияга тўлашга етмайди

Жамият 15 июнь 17:01 2 564

14 июнь куни Халқаро Пресс-клубда «“Ўзбекнефтигаз»: янги даврга янги стратегия билан» мавзусидаги навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Сессия давомида Ўзбекистондаги нефт ва газ соҳасидаги мавжуд вазият ҳамда соҳанинг истиқболлари, шунингдек янги лойиҳалар муҳокама қилинди. Йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Алишер Султонов қарздорлик ҳолатини изоҳларкан, аҳолининг газдан фойдаланиш ва тўловни амалга ошириш маданиятини ошириш кераклигини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг ўзида газ тизими бўйича қарздорлик 100 миллиард сўмдан ортиқни ташкил қилади. Қарздорлик билан боғлик муаммолар шунингдек, бошқа вилоятларда ҳам мавжуд.

«Келинглар, мобиль телефонлар энди чиққан даврларни эсга оламиз. Биз барчамиз «Уздунробита»га бориб, навбатда туриб, тўловни амалга оширардик, чунки телефонда гаплашишни хоҳлардик. Хўш, нега газдан фойдаланамизу, йиллар давомида унинг ҳақини тўламаслик мумкин деб ҳисоблаймиз. Тушунинглар, газ — бу жуда катта маблағ ва меҳнат эвазига олинадиган ресурс. Нима учун газ ҳақини тўламасликни нормал ҳолат деб ўйлаймиз?», — деди Султонов.

«Ҳеч биримиз бозордан нонни пулини тўламасдан олиб кетмаймиз, чунки бу ўғрилик ҳисобланади. Газ-чи? Уч қаватли данғиллама ҳовли қуришга, уни кондиционерлар ва қуввати кучли печлар билан тўлдиришга пул етади, лекин газ ва электроэнергияга тўлашга етмайди. Ҳар ким муроса йўлини қилишни ўйлайди. Бу ҳақида нафақат биз, балки бутун халқ ўйлаши керак», — қўшимча қилди «Ўзбекнефтегаз» раҳбари.

Изоҳ билдириш