55518

Сохта ДХХ ходими 10 дан ортиқ одамни чув туширди

Жамият 23 декабрь 17:16 2 724

Ғиждувон тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 1992 йилда  туғилган, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган фуқаро С.Ў 2019 йил август ойи бошларида  ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида ўзини ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходими деб таништирган, деб  хабар қилади ИИВ матбуот хизмати.

У фуқаро С.Ш.нинг ишончига кириб, 500 АҚШ доллари эвазига Қоракўл туманидаги “Қандим” заводига ишга киритишини ваъда қилади. Бухоро шаҳридаги “Чевар” маиший хизмат уйи олдида С.Ш.дан 500 АҚШ долларини қўлга киритиб, пулларни ўз эҳтиёжига ишлаб юборган.

Шунингдек, фуқаро С.Ў ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2019 йил ноябрь ойи бошларида фуқаро У.Ш.нинг ишончига кириб, унга ҳам ўзини ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходими деб таништиради. Уни 500 АҚШ доллари эвазига Қоракўл туманидаги “Қандим” заводига ишга киритишини ваъда қилиб, алдаб, ишончини суиистеъмол қилган ҳолда 400 АҚШ доллари, худди шу тарзда фуқаро У.Қ.дан 2.850.000 сўм нақд пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ўтказилган тадбир давомида фуқаро С.Ў ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ундан ДХХ ёзувли сохта гувоҳнома, фуқароларнинг паспорт нусхалари ҳужжатлаштириб олинган. Дастлабки маълумотларга кўра С.Ў.нинг фирибгарлиги қурбонига айланганлар сони 10 нафардан ортиши тахмин қилинмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.Ў.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси тегишли қисм ва бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПК 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш