55494

“Тошкентда ИИВ биноси “қўлга олинди” хабарга ИИВ расмий муносабат билдирди

Жамият 23 декабрь 10:35 2 731

Жорий йилнинг 16 декабрь куни интернет тармоғининг “Asiaterra.info” сайтида ва “Facebook” ижтимоий тармоғининг “Aziaterra.info” саҳифасида “Тошкентда ИИВ биноси “қўлга олинди” сарлавҳали хабар чоп этилди. Мазкур хабар юзасидан Ички ишлар вазирлигининг Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

Аниқланишича, 2019 йилнинг 15 декабрь куни соат 14:00ларда 21.01.1957 йилда Андижон вилоятида туғилган Урлаева Елена Михайловна, 24.06.1958 йилда туғилган, Тошкент шаҳар Сергели тумани Сергели-5 мавзеси 13-уй 36-хонадонда яшовчи Ахмедянов Мидат Нигматович ва 15.05.1971 йилда туғилган, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 5-мавзе 37-уй 3-хонадонда яшовчи Шакирова Венера Гарифовналар ИИВ Марказий аппаратининг “Фуқаролар қабулхонаси” биноси олдида ўз муаммоларини намойишкорона кўрсатиш мақсадида 4 дона плакатни кўтарган ҳолда фотосуратга тушганлар.

Шундан сўнг ушбу фуқаролар вазирлик “Фуқаролар қабулхонаси”га таклиф этилган ҳамда уларнинг мурожаатлари вазирликнинг тегишли соҳавий хизмат раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан қабул қилинган.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда давлатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш устувор йўналиш ҳисобланиб, Ички ишлар вазирлиги томонидан фуқароларга ўз мурожаатларини билдиришда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида вазирликнинг “Фуқаролар қабулхона”си ИИВ биносининг ташқи қисмида, замон талабларига мос тарзда хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, “Тошкентда ИИВ биноси “қўлга олинди” сарлавҳали хабарда фуқаро Е.М.Урлаева муқаддам Мирзо Улуғбек тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ўзига тегишли бўлган ҳужжатлар бошқа аёл томонидан ўзбошимчалик билан олиб қўйилгани ҳақидаги мурожаати юзасидан чора кўрилмаётганлиги кўрсатиб ўтилган.

Маълум бўлишича, 2019 йил 27 ноябр куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига «102» хизмат рақами орқали фуқаро Е.М.Урлаеванинг фуқаро Т.М.Пўлатовадан ҳужжатларини қайтариб олиб бериш масаласида мурожаати келиб тушган. Ушбу мурожаат тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиб, туман бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сон ИИБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилган.

Суриштирув ишлари давомида қуйидагилар:

– фуқаро Е.М.Урлаева 2001 йилдан Тошкент шаҳар Руҳий асаб касалликлар диспансерида “Параноид шизофренияси. Параноид синдроми” ташхиси билан ҳисобда туриши;

– фуқаро Е.М.Урлаева Тошкент шаҳар Миробод туманлараро Фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан 2006 йил 24 август куни “руҳий лаёқатсиз” деб топилгани;

– фуқаро Е.М.Урлаеванинг онаси Евсигнеева Вера Афанасьевна томонидан 20.10.2016 йилда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Яланғоч даҳаси 103-уй 25-хонадонда рўйхатда турувчи, 12.02.1951 йилда туғилган Пўлатова Турсуной Маҳмудовнага қизининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун унинг номига “ишончли вакил” сифатида нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома берилгани;

– Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг 23.03.2018 йилдаги №131-сонли қарорига асосан, фуқаро Т.М.Пўлатова фуқаро Е.М.Урлаевага васий этиб тайинлангани аниқланган.

Юқоридагиларга асосан, фуқаро Е.М.Урлаеванинг мурожаатида келтирилган ҳолатларда жиноят аломатлари бўлмаганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган ва тегишли тартибда мурожаат муаллифига жавоб хати юборилган.

Бундан ташқари, хабарда келтирилган ИИВ биноси қўриқланиши борасидаги салбий фикрлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини маълум қиламиз.

Изоҳ билдириш