55496

«Амирсой»да нархлар қандай?

Жамият 23 декабрь 15:49 1 630

21 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Амирсой” тоғ-чанғи курортининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Бугунги кунда лойиҳа қиймати 100 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу мажмуанинг биринчи босқичи ишга туширилди.

Азим тоғлар бағрида жойлашган, замонавий туризм маданияти, сифати даражасида барпо этилган, бир сўз билан айтганда, миллий туризм соҳасининг энг ноёб объектларидан бири бўлган мазкур мажмуа дам олишга борадиган меҳмонларни қабул қилишга тайёр.

Мажмуа ҳудудида тюбинг (пуфланадиган чанада учиш), пиёда саёҳатлар, қорда юриш учун махсус турлар, чана ва квадроциклда учишларни ўз ичига олган кўнгилочар зона ва махсус болалар ўйин майдончаси учун алоҳида ҳудудлар ҳам ташкил этилган.

Қишки дам олиш зонасида турли мураккабликдаги 15 км узунликдаги тоғ-чанғи йўллари қурилди. Уларнинг 4 таси курортнинг энг юқори нуқтасидан бошланади ва энг узун трасса 3 550 метрни ташкил этади. Сунъий қор ишлаб чиқариш тизими эса чанғи мавсумини ноябрдан апрель  ойигача узайтиришга хизмат қилади. Қишки спорт ўйинлари ишқибозлари, чанғичилар ва сноубордчилар учун ҳар қандай даражадаги йўллар мавжуд бўлиб, уларнинг тоғ-чанғи спорти билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган.

Маълум бўлишича, бу ерга ташриф буюрувчилар болалар учун 24 минг катталар учун 65 минг сўм тўлаб канат йўлида учиши ҳамда тоғ-чанғида учиш учун ташриф буюриши мумкин.

“Амирсой”да оилавий дам олиш учун барча шароитлар яратилган. Масалан, масканда Shale деб номланган 40 та Shale Deluxe ҳамда Shale Suit уйлари барпо этилган ва 4 ҳамда 8 кишидан иборат бўлган дам олувчиларни сиғдириш қобилиятига эга.

Ушбу Shale уйларда яшаш нархи бир сутка учун 4 дан 12 миллион сўмни ташкил қилади. Ушбу нархга нонушта киритилган, қўшимча тўлов амалга оширилганда тушлик ҳамда кечки овқат ҳам киритилиши мумкин. Маълум бўлишича, нархлар талаб ҳамда мавсумга қараб ўзгариб боради. Мазкур дам олиш масканининг «уй»ларни 100 фоиз тўлов амалга оширган ҳолда олдиндан брон қилиш имкони мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов таъкидлаганидек, нархлар МДҲ давлатлари билан солиштирганда жуда рақобатюбардош ва арзон эканлигини ҳамда мажмуа эгалари билан ушбу масканда имконияти чекланганларнинг дам олишлари учун имкониятлар яратилишини қайд этди.

“Амирсой” меҳмонларига етиб боришда қулайлик яратиш мақсадида курортга электро поезд ва микроавтобус қатнови йўлга қўйган

Изоҳ билдириш