963

Ўзбекистонда тошқинга қарши курашиш учун 62 млрд сўм ажратилади

Жамият 16 март 12:58 378

2017 йилда дарё, сой ва гидротехник иншоотлар қирғоқларида муҳандислик-техник ва бошқа ҳимоя тадбирларни бажариш учун 62 млрд сўм ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтган тошқинга қарши комиссия йиғилишида маълум қилинди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тошқинга қарши комиссия йиғилишида Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Молия, Мудофаа, Ташқи ишлар вазирликлари, Ўзгидромет маркази, Давлат геология қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилот, идораларнинг раҳбарлари ҳамда масъул мутахассислари иштирок этдилар.
Йиғилиш якунида мутасадди ташкилотларга сел оқимлари ва сув тошқинлари хавфи ҳақида тезкор ахборотларни етказиш ва аҳолини хабардор қилиш мақсадида республика ва ҳудудий тошқинга қарши штаблар фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, аэровизуал кузатувлар ва жойларни ўрганишлар йўли билан баҳор-ёз мавсумида хавфли геологик ва гидрометеорологик ҳодисаларнинг мониторинги кучайтирилади. Баҳор мавсумида хавфли жараёнларни кузатиб бориш, аҳолини хавфли ҳудудларга йўлатмаслик мақсадида республика бўйича назорат-кузатув постлари ташкил қилинади. Тошқин, сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилади. Шунингдек, аҳоли орасида фавқулодда вазиятларда ўзини қандай тутиш борасида тарғибот ва ташвиқот ишлари ўтказилади, тошқин, сел ва кўчки хавфлари ҳақида ўз вақтида хабардор қилинади.
Бундан ташқари, сел, сув тошқини, кўчки хавфи мавжуд ҳудудларни муҳофаза қилиш мақсадида қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари олиб борилади.

Хавфли ҳудудларда муҳандислик ва автомобил техникаларини жалб қилган ҳолда қирғоқ мустаҳкамлаш ва ўзан тозалаш ишларини бажаришга қаратилган тактик-махсус ўқув машқлари ўтказилади. 2016 йилда, республикамиз ҳудудларида тошқин, сел ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича 3 млн 248 минг 300 метр куб тупроқ, 131минг 600 минг метр куб тош, 30 минг 600 метр куб бетон ҳажмдаги қирғоқ мустаҳкамлаш ва ўзан тозалаш ишлари амалга оширилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган 99 тактик-махсус ўқув машқлари давомида 88 минг метр куб тупроқ ишлари, 2437 метр куб харсанг тош ишлари, 39071 метр куб қум-шағал-тош ишлари, 484 метр куб бетон ишлари бажарилди. Шунингдек, 32 погон километрдан ортиқ масофадаги магистрал каналлар тозаланди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан 69 та назорат-кузатув постлари ташкил этилди.

Изоҳ билдириш