8574

Россияда ишлаётган мигрантларнинг стажи ва пенсия таъминоти муҳокама қилинди

Жамият 2 июнь 12:04 359

Россия бандлик ва меҳнат федерал хизмати раҳбари ўринбосари Михаил Иванков бошчилигидаги делегация (Роструд) Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида учрашув ўтказди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Роструд вакиллари Россияда меҳнат қилаётган мигрантларнинг ўз вақтида иш ҳақларини олишлари, иш вақтида жароҳатланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш берувчилар билан ҳуқуқий ҳужжатларни экспертиза қилиш масалаларида ёрдамга тайёр эканликларини билдиришди.

Россиялик меҳмонлар шу куни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасида ҳам учрашув ўтказдилар.

Томонлар ҳар икки мамлакатдаги пенсия таъминоти бўйича долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишди. Учрашувда мигрантларнинг меҳнат стажи ва уларнинг пенсия таъминоти ҳақида ҳам сўз борди. Делегация шунингдек, Тошкентдаги ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан ҳам танишди. Делегация 3 июнга қадар Ўзбекистонда бўлади.

Ташриф режасига кўра, улар Самарқанддаги «MAN Auto-Uzbekistan» автомобиль заводи ҳамда шаҳардаги ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига ташриф буюради. Россия меҳнат ва бандлик федерал хизмати Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги меҳнат миграцияси бўйича келишувларни амалга ошириш борасидаги масъулиятли орган ҳисобланади.

Роструд иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигига амал қилишларини назорат қилади, Россияга хориждан ишчиларни жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлашда ҳамда квоталар белгилашда иштирок этади.

Изоҳ билдириш