6539

Тошкент автобуслари ярим тунга қадар ишлайди

Жамият 17 май 12:47 273

«Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг янги раҳбари 13 ва 14 май кунлари пойтахт автобус парклари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда улар зиммасига қатор вазифаларни юклади. Бу ҳақида компания сайтида хабар қилинди.

Автокорхоналарга, жумладан йўловчилар ташиш хавфсизлиги ва автобуслар ҳаракатининг мунтазамлигини таъминлаш, ҳайдовчилар ва чиптачиларнинг йўловчилар билан мулоқот маданиятини яхшилаш топширилди.

Аҳолининг транспорт хизматларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш белгиланди. Аҳолидан келиб тушаётган ариза ва шикоятлардан келиб чиқиб, автобуслар эрталаб соат 04:30 дан соат 24:00 гача ҳаракатланадиган бўлди.

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг барча ишчи-ходимларнинг, шу жумладан фаррош, чилангар, ҳайдовчилар ва чиптачиларнинг ойлик маошини ошириш ва уларни меҳнатига қараб муносиб рағбатлантириш режалаштирилмоқда.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Мирҳосил Холматов юқоридаги вазифаларни амалга ошириш ҳамда шаҳар йўловчи транспортининг ишини янада яхшилаш, бошқарув ва иш олиб бориш тизимини тубдан ўзгартириш, соҳани ривожлантириш бўйича асосланган таклифлар киритиш юзасидан корхона раҳбарларига 10 кун муддат берилди.

Мазкур вақт ичида ўзига юклатилган вазифаларни уддалай олмаган корхона раҳбарининг эгаллаб турган лавозимига лойиқлик масаласи кўриб чиқилиши таъкидлаб ўтилди.

Изоҳ билдириш