6471

Андижонда оммавий заҳарланиш рўй берди. 200га яқин киши шифохонага тушди

Жамият 17 май 8:36 383

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида 15 май куни эрталаб 120дан ортиқ киши бир хил симптом- тинимсиз ич кетиш ва қайт қилишдан шикоят қилиб касалхонага мурожаат қилган. Улар «Овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Бу хақида «Кун» нашри маълумот бермоқда.

Юзага келган эпидемик вазиятни жойларга келиб ўрганиш ва маҳаллий мутахассисларга кўмак кўрсатиш учун зудлик билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош давлат санитария шифокори Саидмурод Саидалиев Саидғаниевич, Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев Исоқович, Эпидемология, микробиология ва юқумли касалликлар текшириш институти директори А.А.Абдушукуров ва вазирликнинг бошқа бир қатор етакчи мутахассислари Шаҳрихонга етиб келган.

Кун охирига қадар кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва тана ҳарорати кўтарилиши, умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан мурожаат қилганлар сони 186 нафарни ташкил қилган, уларнинг барчаси туман тиббиёт бирлашмасининг турли бўлимларига жойлаштирилган.

Жабрланувчилардан 5 нафарининг аҳволи жиддий бўлиб, улар ТТБнинг реанимация бўлимига ётқизилган. Қолган беморларнинг аҳволи енгиллиги айтилган. уларга палаталарда тиббий ёрдамлар ташкил этилган.

Шифохона ва унинг бўлимлари зарур дори-дармонлар, бир марта ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган. Беморларга ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида аввалига реанимацияга ётқизилган 5 киши умумий палатага ўтказилган. 16 май куни 81 киши аҳволи қониқарли бўлгани учун уйга қайтарилган.

Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар борлиги ҳақидаги хабарларни инкор этди.

Шаҳардаги барча музқаймоқ сотувчилар тафтиш қилинган.

Ўтказилган суҳбатлар давомида беморларнинг барчаси бу ҳолат юзага келишини 14 май куни Шаҳрихон тумани марказида, Амир Темур кўчасида жойлашган «МАКС» кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмол қилиши билан боғлаган.

Ушбу кафе мавсумий бўлиб, Раҳимов Рустамжон Турдиқуловичга қарашли ҳисобланади. Ушбу кафеда якка тартибдаги тадбиркор Бултурбоев Жаҳонгирмирзо ва унинг 3 ходими юмшоқ музқаймоқ қоришмасини тайёрлаб, 4та фрезер ускуналари орқали сотиш билан шуғулланиб келишган. Улар ўз фаолиятларини 2016 йилда бошлаган, мазкур кафе очиқ сув ҳавзаси бўйича, айвон типида қурилган бўлиб, фақат баҳор-ёз мавсумида фаолият кўрсатиш учун мўлжалланган.

Ж.Бултирбоев ўзи яшайдиган уйда ноқонуний равишда музқаймоқ учун қоришма тайёрлаш жойи ташкил этгани аниқланган. Ушбу жойда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ҳеч қандай рухсатнома олинмаган ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Музқаймоқ қоришмаси бозорлардаги савдо дўконларидан олинган қуруқ сут кукунидан тайёрлаб келинган. Музқаймоқ қоришмалари 10 ва 30 литрли сиғимли, озиқ-овқат маҳсулотлари билан контактда бўлишга мўлжалланмаган пластмасс идишларда кафега келтириб сотилган. Музқаймоқ кафеси 112 нафар хўрандага мўлжалланган бўлиб, очиқ айвон типидаги қурилма ва ертўладан иборат. Ичимлик ва иссиқ сув билан таъминланмаган, канализация тармоғига уланмаган, оқава сувлар тўғридан-тўғри очиқ сув ҳавзасига ташланган.

Айни вақтда текширувлар давом этмоқда.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш