614

Ўзбекистонда 10 мартдан бошлаб балиқ овлашга вақтинчалик тақиқланади

Жамият 10 март 17:59 1 346

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси мамлакат табиий сув ҳавзаларида балиқ ресурсларидан рационал фойдаланиш мақсадида республика ҳудудида 10 мартдан балиқ овлашга тақиқ қўйилиши ҳақида маълум қилди.

10 мартдан 31 майга қадар Амударё ва Сирдарё дарёларида,
25 апрелдан 10 июнга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сув ҳавзаларида,
16 апрелдан 31 майга қадар мамлакатнинг бошқа сув ҳавзаларида балиқ овлаш тақиқланади.

Тақиқ қўйилган даврда барча балиқ овлаш билан шуғулланувчи ташкилот ва хусусий тадбиркорлар сув ҳавзаларидан ов воситаларини олиб қўйишлари, уларни ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш бўйича инспекторлар иштирокида омборхона биноларига топшириб, муҳрлашлари шарт.

Тақиқ даврида табиий сув ҳавзаларида моторли қайиқлардан фақатгина ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш бўйича давлат инспекцияси ходимлари, егерлик хизматлари эса табиатни муҳофаза қилиш органлари рухсати билан фойдаланишлари мумкин.

Бу давр мобайнида спорт-ҳаваскорлик балиқ овига моторли қайиқларсиз, қармоқлар сони эса 5 тадан ошмаган ҳолатда рухсат берилади. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳудудий бўлинмалари Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси инспекторлари билан биргаликда тақиқ амалда бўлган даврда браконьерлик ҳамда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ноқонуний овлаш ҳамда сотишга қарши назорат рейдларини амалга оширади.

Изоҳ билдириш