6054

Cолиқ қўмитаси «Ишонч телефон»ларига бир ҳафтада бўлган мурожаатлар 

Жамият 12 май 9:57 224
Давлат солиқ хизмати органларида ўрнатилган «Ишонч телефонлари» орқали ўтган ҳафта давомида (2 майдан 9 майга қадар) жами 238 та, шундан 5 та юридик шахслар ва 233 та жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинган.

Ушбу мурожаатларнинг аксариятида тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний фаолият юритиш, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида савдо қоидаларининг бузилганлиги ҳамда тўловларни банк пластик карточкалари орқали амалга оширишда ҳисоб-китоб «Терминал» аппаратлари ишлатилмаётганлиги, харид чеки бермаслик ҳолатлари қайд этилган.

Жумладан, фуқаролар мурожаати асосида ўтказилган назорат тадбирида Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.З. амалдаги қонунчиликка зид равишда давлат рўйхатидан ўтмасдан «тадбиркорлик» фаолиятни амалга ошганлиги аниқланди. Натижада ундан 5 турдаги 3 миллион 640 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатида олинди.Шу туманда истиқомат қилувчи фуқаро Қ.М. ҳам тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан солиқлардан қочиб ноқонуний фаолият юритаётганлиги маълум бўлди. Назорат тадбири давомида ундан 8 турдаги 13 миллион 370 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатида олинди. Ангор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.В. тегишли ҳужжат расмийлаштирмасдан «тадбиркорлик» фаолиятни амалга оширган. Натижада ундан жами 14 миллион 545 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатидан олинди.

Бухоро вилояти Вобкент туман Имом Бухорий кўчасида фаолият кўрсатувчи «VOBKENT YO’LOVCI SERVIS» масъулияти чекланган жамиятига қарашли автотураргоҳ хизмати кўрсатиш шохобчасида ўтказилган назорат тадбирида шохобча ходими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли қарори талабларини қўпол тарзда бузиб, автотураргоҳдан фойдаланувчиларга харид чеки бермаган ва бу билан даромадини яширишга уринган. Шунингдек хизмат кўрсатиш шохобчаси ғазнасида назорат касса машинаси хотирасига қайд қилинмаган нақд пулларнинг борлиги ҳам аниқланган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Таъкидлаш жоизки, давлат солиқ хизмати органлари томонидан рухсат берувчи белгиланган ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, ноқонуний фаолият юритишнинг олдини олиш ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида солиқ қонунчилиги бузилишларига чек қўйиш мақсадида мунтазам равишда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Вобкент туманида туман давлат солиқ инспекцияси ҳамда Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг вилоят бўлими ходимлари томонидан «Вобкент марказий бозори»да ўтказилган назорат тадбирида 11 нафар фуқаронинг ҳужжатсиз равишда фаолият юритаётганлиги аниқланган.

Эътиборлиси, олиб борилган тушунтириш ва профилактик ишлар натижасида ушбу фуқароларнинг барчаси якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, фаолиятини қонуний йўлга қўйди.

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2777-сон қарори ижроси юзасидан назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ва тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича бир ҳафта давомида (2 майдан 9 майга қадар) 400 дан ортиқ текширишлар ўтказилиб, уларнинг барчасида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган.

Хусусан, текширишларда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субектлари томонидан назорат-касса машинасини қўлламасдан товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш, тушумларни банк кассаларига топширмасдан яшириш, тўлов шаклидан келиб чиқиб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган.

Ўз навбатида давлат солиқ хизмати органлари томонидан қоидабузарликларни содир этган хўжалик юритувчи субектлар ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Мисол учун, Хоразм вилояти, Урганч туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан якка тартибдаги тадбиркор «Т.Худаков»га қарашли савдо шохобчасида ўтказилган солиқ текширувида, мижоз томонидан амалга оширилган тўлов учун 284 минг сўмга харид чеки берилмаганлиги, шохобчага тўлов терминали ўрнатилмаганлиги ҳамда шохобча ғазнасида назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаган нақд савдо пуллар борлиги аниқланиб, тегишли чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилган.

Ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррар

Солиқ назорати натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида солиқ қонунчилигини бузган 1946 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу жумладан:

– бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 21 нафар;

– уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулк ка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 199 нафар;

– даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 169 нафар;

– ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 110 нафар;

– автомобил транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 284 нафар фуқаролар;

– савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 421 нафар;

– солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 344 нафар;

– дебиторлик қарзи муддатлари ўтказиб юборилган корхоналарнинг 32 нафар;

– солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган 81 нафар мансабдор шахслар маъмурий жазога тортилган.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этиб, унинг оқибатларини аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 849 та тадбиркорлик субектининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилган.

Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта содир этиб, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 131 нафар жисмоний шахслар судлар томонидан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш