5649

Самарқанд хотира тадбирига алоҳида тайёргарлик кўрди

Жамият 8 май 18:50 255

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қирғинбарот уруш дея тилга олинадиган II жаҳон урушида Самарқанддан 160 минг нафардан зиёд ўзбекистонликлар жон олиб жон берди. Уларнинг салкам 47 минг нафарига урушдан қайтиш насиб этмади

Самарқанд вилоятида «Хотира ва қадрлаш куни»га алоҳида ҳозирлик кўрилди ва ушбу сана ўзига хос тарзда кенг нишонланди, деб хабар қилди Самарқанд ҳокимлиги матбуот-хизмати.

Уруш ва меҳнат фахрийлари дастлаб вилоят марказидаги Кўксарой майдонида жамулжам бўлишган. Шундан сўнг маросим Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида давом этди.

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қирғинбарот уруш дея тилга олинадиган II жаҳон урушида Самарқанддан 160 минг нафардан зиёд ўзбекистонликлар жон олиб жон берди. Уларнинг салкам 47 минг нафарига урушдан қайтиш насиб этмади.

Айни пайтда ҳаёт гаштини сураётган 131 нафар II жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда 6 ярим мингдан зиёд меҳнат фахрийлари бугунги миннатдор авлодларнинг эъзозию-эҳтиромида. Улар бетимсол қаҳрамонлик, Ватанга муҳаббат, юртга фидойилик рамзига айланган биз учун.

Хабарда шунингдек, сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан, вилоятда истиқомат килаётган II жаҳон уруши фахрийларига 2 миллион сўмдан пул мукофоти топширилгани, давлат раҳбарининг совғалари уларнинг уйларига етказиб берилгани таъкидланган.

«Шу кунга қадар 60 нафарга яқин уруш қатнашчилари автомашина соҳибига айланди. 6 нафар фахрийнинг уй-жойи салкам 100 миллион сўмга яқин маблағ сарфланиб, таъмирлаб берилди», — дейилади хабарда.

Ўз зиммасига тушган ўта қийин вазифани шараф билан уддалаган кекса авлод вакиллари бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор ва эъзозда. Сана муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийлари учун байрам дастурхони ёзилди. Нуронийлар бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурдилар. Уларга совға-саломлар улашилди. Санъаткорларнинг тинчлик-осойишталикни, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари байрамга янада файз бағишлади. Сана муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида давом этмоқда.

Изоҳ билдириш