5628

Шомаҳмудовлар оиласидан кимлар ҳаёт? Машҳур хонадондан репортаж

Жамият 8 май 17:21 959

Журналист Фозил Фарҳоднинг айтишича, уруш йилларида Ўзбекистонга келиб қолган ва Шоаҳмад Шомаҳмудов ҳамда унинг хотини Баҳри Акрамова томонидан асраб олинган Олга (Ҳолида) яқинларига ўзини мусулмонча урф-одатлар билан кўмишни васият қилган. Бунинг учун аёл Мусулмонлар идорасидан махсус рухсатнома олган

Шу кунларда пойтахтдаги Дўстлик истироҳат боғида Шомаҳмудовлар оиласига ҳайкал ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2-жаҳон уруши даврида тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри Акрамова турли миллатнинг қаровсиз ва етим қолган болаларини фарзандликка олиб, таълим-тарбия берди.

Шундай қилиб Шомаҳмудовлар оиласи — инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган оила сифатида тарихда қолди. Шомаҳмудовлар оиласи бошпанасиз қолган, турли миллат вакиллари бўлган 13 бола ва урушдан сўнг яна 3 болани ўз тарбияларига олишган, булар: Ҳабиба, Вова, Шуҳрат — рус, Ҳамидулла — украин, Рафиқ, Раҳматулла — татар, Холида — молдаван, Самуғ — чуваш, Йўлдош, Эргаш — яҳудий, Ҳалима — қозоқ, Қоравой, Неъмат, Муаззам, Ҳакима, Улуғбек — ўзбек.

Хотира уйғонганда Шомаҳмудовлар оиласи вакилларининг кейинги тақдири, бугунги ҳаёти ҳақида репортаж тайёрлашга аҳд қилган журналистлар Илмира Зайнитдинова ва Фозил Фарҳод Тошкентнинг Жарариқ маҳалласига йўл олишди. ФОЗИЛ ФАРҲОД Журналистлар Фозил Фарҳод ва Илмира Зайниддинова Шомаҳмудовлар оиласи фарзандларидан кимларни топишга муваффақ бўлдингиз, деган саволга Фозил Фарҳод уч нафарини деб жавоб берди. Айтишича, фарзандлардан бири — Ҳалима умуман интервью бермас экан, Йўлдош эса ҳозир Украинада бўлгани учун, Шомаҳмудовларнинг молдовалик қизлари Олга(Ҳолида)ни суҳбатга аранг кўндиришган.

ФОЗИЛ ФАРХОД Халида (Ольга) Шомахмудова ва журналист Фозил Фарход «Ҳолида опа, Шомаҳмудовлар оиласининг энг кенжа қизи Ҳалима ва ўғиллари Йўлдош ҳаёт экан. Йўлдош акани топишнинг имкони бўлмади, чунки бувиси қидириб, келишини илтимос қилгани учун у ҳозир Украинага кетган экан», — деди журналист. Журналистлар шунингдек, машҳур оиланинг яна бир ўғли — Рафиқ Шомаҳмудовнинг ўғиллари Тоҳиржон Шомаҳмудов билан ҳам суҳбатда бўлишган.

Тохирджон Шомахмудов Шомаҳмудов оиласига қўйилган ҳайкал «Дўстлик» боғига ўрнатилаётганини эшитиб, Ҳолида опа жуда хурсанд бўлдилар, деб ҳикоя қилди Фозил Фарҳод. Монумент Ипподромга олиб борилганида, Шомаҳмудовлар оиласи яшайдиган маҳалла аҳолиси «ўзимизни маҳалламизга олиб келайлик шу монументни, рухсат беринг», дея ҳукуматга хат ёзишганларини хотирлашди.

Журналистнинг сўзларига кўра, Жарариқ маҳалласи, Тош кўчада яшайдиганларнинг ҳаммаси бир-бири билан «апоқ-чапоқ» бўлиб кетган: турли миллат вакиллари бири-биридан қиз олиб, қиз берган… Бир сўз билан айтганда, уларни ҳеч муболағасиз «ҳамдўстлик маҳалласи» дейиш мумкин. «Олга опага қандай савол билан мурожаат қилдиларингиз», сўрадим қизиқиб. «Оналари ҳақида сўрадик. «Ойим тез-тез тушимга кирадилар. Бошларига оппоқ рўмол ўраб олганлар. Кийимлари озода. Ойим жаннатдалар», деб жавоб бердилар.

Кейин дуо қилишларини, у кишининг хотираларига Қуръон тиловат қилишларини айтдилар.

Урушдан кейин акаси қидириб келганини, олиб кетмоқчи бўлганини айтдилар. «Энди кетмайман», деб туриб олган эканлар». «Баҳри ая билан Шоаҳмад аканинг гурунглари шу кечаю-кундузда 81 ёшни қарши олган Ҳолида аяни анча толиқтириб қўйдик. Лекин ҳайкал ўрнатилаётганини эшитиб жуда хурсанд бўлдилар. Соф ўзбек тилида дуо қилдилар», деди у.

Уйга қайтаётганимизда, биз билан хайрлашаётган маҳалла раиси «Ҳолидахон мени мусулмонча урф-одатлар бўйича кўминглар, деб васият қилади. Ҳатто бу учун мусулмонлар идорасидан рухсат олган», — деган гапни айтиб қолдилар… Фозил Фарҳод: аждодларимиз олдида бош эгамиз…

Донолар айтганидай, иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар бир киши такрор ва такрор англаши, қалбидан ўтказиши табиий ҳол. Ўшанда 6,5 миллионлик Ўзбекистон халқининг 1,5 миллиондан ортиғи урушга кетган эди. Бу бутун ўзбек халқининг бағри куйиб кул бўлди, юраги қон-қон йиғлади, дегани.

Бу ўшанда шунча рақамга тенг она жигарини юлиб, жангу жадалларга жўнатди, дегани. Бу қанчалаб шўрлик бевалар кўксига соғинч, интизорлик найзаси санчилди, дегани. «Станцияга ҳар суткада, узлуксиз равишда, мамлакатнинг ғарбий районларидан минглаб эвакуация қилинганлар, ярадорлар келар эдилар. Уларни жойлаштириш, уй-жой билан таъминлаш лозим эди. Тошкент аҳолиси барча ташвишларни юракларига ғоятда яқин олар эдилар. Бир куни шаҳарга қамалдаги Ленинград болаларини олиб келаётган состав келиши маълум бўлди. Вокзалга минглаб ўзбек аёллари келишди. Улар очликдан тинкаси қуриган болаларни ўз тарбияларига беришни илтимос қилишар, талаб қилишар ва бу ҳақда ўтиниб сўрар эдилар». «Ҳарбий комендант қайдномалари»дан олинган бу гаплари айни ҳақиқат эди.

Тарихни ўчириб бўлмайди. Сен етим эмассан, Тинчлан, жигарим. Қуёшдай меҳрибон Ватанинг-онанг, Заминдай вазмину Меҳнаткаш, мушфиқ Истаган нарсангни тайёрлагувчи Халқ бор-отанг бор.

Изоҳ билдириш