55454

Қидирув-қутқарув ишлари якунланди – ФВВ Юнусобод фожиаси бўйича баёнот берди

Жамият 19 декабрь 15:41 916

Фавқулодда вазият вазирлиги Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юзага келган фавқулодда вазият бўйича навбатдаги маълумотни тақдим этди. Маълум қилинишича, айни вақтда воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари якунланган.

«Воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишлари натижасида олти нафар фуқаронинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди ва уларнинг шахси аниқланди. Қидирув-қутқарув ишлари якунланиб, Комиссия ишининг биринчи фазаси ниҳоясига етди.

Айни пайтда Комиссия томонидан ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда бартараф қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда, мазкур ҳолатнинг вужудга келишига сабабчи бўлган ва йўл қўйган масъул ташкилот ва шахслар аниқланмоқда. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида шу ва бошқа кўнгилсиз ҳолатлар такрорланиши олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар яшаш манзилига етказилди. Пудратчи-қурувчи ташкилотлар томонидан уларнинг оила аъзолари ва яқинларига 100 миллион сўмлик дастлабки товон пуллари тўлаб берилди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан қўшимча компенсация пуллари тўлаб берилади.

Айни пайтда вилоятлар ҳокимликлари ва жамоатчилик вакиллари марҳумларнинг оиласидан хабар олиб, зарур ёрдам кўрсатмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳ билдириш