55312

Мактабларда тўртта фан тугатилади. Янги фан жорий этилади

Жамият 16 декабрь 10:31 1 052

2020 йилдан 2022 ўқув йилига қадар мактабларда “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя ва маънавият асослари” ва “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фани жорий этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўрсатиб ўтилган.

Лойиҳага кўра, “Тарбия” фани 1-9-синфларда 2020-2021 ўқув йилидан, 10-11-синфларида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Мактабларга “Тарбия” дарсини киритишнинг устувор вазифалари сифатида ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат руҳида тарбиялаш; ўқувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш; фарзанд тарбиясида оиланинг масъулиятини ошириш; ёшларга “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси мазмун-моҳиятини чуқур англатиш; ўқувчиларни жисмоний, руҳий ва маънавий-ахлоқий ривожлантириш орқали ижтимоий ҳаётга мослаштириш, турли мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга ўргатиш; ўқувчи ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш; ислом дини кўп асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган маънавий қадрият эканлигини, бу динни ёт ғоялар билан бир қаторга қўйиб бўлмаслигини тушунтириш; тарбия ишида ижтимоий фуқаролик институтлари иштирокини кенгайтириш каби омиллар кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда “Тарбия” фани бўйича умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартини ва ўқув дастурларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

Бундан ташқари, 2020-2021 ўқув йили учун умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-9-синфлари учун, 2021-2022 ўқув йили учун 10-11-синфларига мўлжалланган “Тарбия” фани дарсликлари, мультимедиа иловалари ва ўқув-методик мажмуаларга буюртмалар шакллантирилади.

Маълумотга кўра, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб “Тарбия” фани жорий этилиши муносабати билан фойдаланиш муддати тугамаган дарсликлар учун амалга оширилган харажатларнинг қопланишини инобатга олган ҳолда, дарслик тўпламларининг ижара тўлови миқдорларини қайта кўриб чиқилади.

Изоҳ билдириш