5396

Энди қонунбузар милиционерлар устидан вазирликка шикоят қилиш мумкин бўлади

Жамият 29 апрель 8:42 335

Ички ишлар вазирлигининг Жисмоний-юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармаси ташкил этилди

1 май кунидан бошлаб ўзбекистонликлар милиция ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишлари мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда. «Мазкур бошқарма таркибида «Мурожатларни телефон орқали қабул қилиш маркази» ташкил этилди. Марказ 1 май кунидан тест режимида ишга туширилиши режалаштирилган.

Бу марказнинг афзаллик томони шундаки, фуқаролар республикамизнинг барча ҳудудларидан тўғридан-тўғри ягона марказлашган қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ўзларининг оғзаки мурожаатларини амалга оширишлари мумкин бўлади», дейилади хабарда. Жисмоний-юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талабларига мувофиқ ташкил этилди. Ҳозирда Ички ишлар вазирлигининг виртуал қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ундан ташқари, ИИВ сайтида тезкор мурожаат ва савол-жавоблар учун ҳам алоҳида бўлимлар ажратилган.

Изоҳ билдириш