51248

Наманган вилоятида велосипед ва мотоцикллар ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади

Жамият 28 февраль 12:44 381

“Ўзавтосаноат” АЖ 27 феврал куни Наманган вилоятининг Норин туманида велосипед ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширди.

Мазкур корхонани ташкил этиш бўйича Келишув “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Lifan Group Co.Ltd” компанияси томонидан имзоланган. “Lifan Group Co.Ltd” компанияси ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларни етказиб бериш билан шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг августида Президент Шавкат Мирзиёев велосипед ишлаб чиқаришни кўпайтириб, йўл бўйларида велойўлакчалар ташкил этиб, велосипедда юришни оммалаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу эса ўз ўрнида мазкур корхонанинг ташкил этилишида муҳим туртки бўлди.

Корхонада дастлаб ишлаб чиқариш ҳажми йилига 150 мингни ташкил қилади. Босқичма-босқич мазкур кўрсаткич ошиб бориш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Инвестицион дастурига киритилган бўлиб, унинг доирасида мамлакатимзга 200 минг АҚШ доллар инвестиция жалб қилиниши кўзда тутилган.

Келгусида “Norin Moto Bike” МЧЖ корхонада мотоцикллар, трицикллар, скутерлар ва мопедлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Қайд этиш жоизки, «Norin Moto Bike» заводи ходимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан олдин Хитойда тажриба ўтаб қайтган. Янги завод ҳозирда 150 дан ортиқ маҳаллий аҳолини ишга жойлаштириш имконини беради, келгусида иш ўринларини 500 тага етказиш режалаштирилган.

 

Изоҳ билдириш