4957

Сохта табиблик ортидан 500 минг долларга яқин пул ишлаган тракторчи қўлга олинди

Жамият 26 апрель 16:35 641

Ўзбекистондаги қишлоқлардан бирида яшовчи тракторчи фирибгарлик йўли билан табиблик сертификатини қўлга киритгани ва табиблик қилгани учун 8 йилга қамалди, деб хабар бермоқда РИА Новости «Ҳуқуқ» газетасига таяниб.

Хабарда айтилишича, Бухоро вилоятининг Олот туманидаги қишлоқлардан бирида тракторчи бўлиб ишлаган Қаҳрамон Пўлатов алдов йўли билан Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган психологлар, врачлар ва халқ табиблари бутунжаҳон ассоциациясининг аъзолик сертификатини қўлга киритади.

2016 йил апрелда у тиббий хизматлар кўрсатувчи хусусий корхона ташкил этади ва ўз қариндошларини ҳам бу ишга жалб этади. Тергов маълумотларига кўра, сохта табибнинг корхонаси фаолият кўрсатган даврда топган ноқонуний даромади 1,8 миллиард сўм (Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича 500 минг долларга яқин)ни ташкил қилган.

«Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди Пўлатовни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам иш ҳақининг 150 баравари (6000 доллар) миқдорида жарима тўлашга ҳукм чиқарди», — дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, унинг шериклари ҳам республика Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жавобгарликка тортилишган.

Изоҳ билдириш