4353

13 км баландликда учаётган самолёт бортида дунёга келган чақалоққа Turkish Airlines йиллар давомида ёрдам беради

Жамият 20 апрель 22:19 329

Turkish Airlines (THY) авиакомпанияси ўз самолёти бортида туғилган Франция фуқароси Хадича Нафийнинг келгусида таълим олиши ва ишга жойлашишида ёрдам беради. Бу ҳақида «Анадолу» агентлиги хабар берди.

Қизча Конакри (Гвинея) – Уагадугу (Буркина-Фасо) – Истанбул (Турция) рейсида дунёга келган.

Turkish Airlines бошқаруви раҳбари Илькер Айжи гвинеялик қизчанинг онаси Диаби Нафий ва Хадича ўзларини яхши ҳис қилаётганликларини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, авиакомпания қизчанинг келгусидаги ҳаётида иштирок этади.

«Бу қизча Turkish Airlines бортида туғилди ва шу боис биз Хадичанинг таълим олиши ҳамда ишга жойлашишида ўз ҳиссамизни қўшамиз. Умид қиламизки, у келгусида бизнинг жамоамизга қўшилади ва Turkish Airlines’да карьера қуради», – деди Айжи.

Манбага кўра, THY қизчанинг оиласи унинг Туркия фуқароси бўлишини истаган тақдирдагина ёрдам кўрсатади.

Апрель ойи бошида Франция фуқароси бўлган аёлнинг самолёт бортида тўлғоғи тутиб қолган. Махсус тайёргарликдан ўтган Turkish Airlines борт кузатувчилари боланинг дунёга келишига ёрдам беришган.

Изоҳ билдириш