3890

ИИВ Академиясида сиртқи бўлим очилади

Жамият 17 апрель 21:07 545

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Академиясида айни пайтда вазирлик тузилмаларида фаолият олиб бораётган ходимлар учун сиртқи бўлим очилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси президентининг 10 апрель куни имзоланган «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган.

Бундан ташқари, Академияда келгуси ўқув мавсумида қабул квоталари сезиларли даражада оширилиши мумкин. Бу орқали соҳа вакилларининг профессионал тайёргарлик кўриши ва таълим олишига имконият пайдо бўлади.

Бундай ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртида ҳам амалга оширилади. Бу ўқув юртида «Жазони ижро этиш хизмати фаолияти», «Пост-патрул хизмати фаолияти», «Қўриқлаш хизмати  фаолияти» мутахассисликларини ўз ичига олувчи факультет ташкил қилинади.

Бундан ташқари, «Кадрлар билан ишлаш фаолияти», «Ички ишлар органларининг саф бўлимлари бошқармаси», «Ишлаб чиқариш ва молиявий таъминотни ташкиллаштириш» каби факультетлар таъсис этилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Ички ишлар органлари мамлакат фуқароларини хизматга қабул қилиши ҳақида хабар берилган эди.

Вазирлик ўз сафига Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда туриб, истиқомат қилувчи, ўрта, ўрта-махсус, ва олий маълумотга эга бўлган, Қуролли кучлар сафида муддатли, бир ойлик ёки олий ўқув юртининг ҳарбий кафедрасида таҳсил олган ҳамда ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хизматга қабул қилишини маълум қилган.

Изоҳ билдириш