38

Қаршида Абдулла Орипов ҳайкали ўрнатилади

Жамият 14 февраль 10:07 250

Қаршида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳайкали ўрнатилади, деб хабар қилди ЎзА. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафари давомида якшанба куни Абдулла Орипов ҳайкали, Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳи реконструкцияси лойиҳалари билан танишди.

Ўзбекистон Давлат мадҳиясининг муаллифининг ҳайкали Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида бунёд этилади. Президент ҳайкал лойиҳасини такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Абул-Муъийн Насафий XI асрда яшаган, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломалардан биридир. Унинг илмий асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.Президент бу қадамжони кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, аллома асарларини таржима қилиб, халққа етказиш бўйича тавсиялар берди.

Президент Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди. «Асинза-БЗ» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган маданият ва истироҳат боғининг қиймати 8,7 миллиард сўмни ташкил этади. Хитойнинг Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd. компаниясида ишлаб чиқариладиган замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатиш, замон талаблари асосида спорт ва болалар майдончалари қуриш режалаштирилмоқда.

«Асосий мақсадимиз — халқимизни рози қилиш, одамларнинг фаровон яшаши учун барча имкониятларни яратишдир, — деди Шавкат Мирзиёев. — Одамлар ишдан бўш вақтида бу ерга келиб мароқли дам олса, фарзандлари, набираларининг шўх-шодонлигини кўрса, кулгуларини эшитса, ҳаётдан кўнгли тўлади, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади».

Изоҳ билдириш