3703

Ўз мажбуриятини бажармаган ота (она) жавобгарликка тортилади

Жамият 14 апрель 22:59 349

Маълумки, алимент ундиришда боланинг ота-онаси ўзаро никоҳда экани ёки улар ўртасидаги никоҳ тугатилгани аҳамиятли эмас. Алимент ундиришда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада қайд этилган оталик тўғрисидаги ёзув ҳамда болага ихтиёрий равишда таъминот беришдан бўйин товлаш асос бўлади.

Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг Бектемир тумани Суд ижрочилари бўлими томонидан тумандаги Радио касб ҳунар коллежида брифинг ташкил этилди. Унда туман ички ишлар бўлими ходимлари, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди, маҳалла фаоллари, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари қатнашишди.

Мазкур тадбирда профилактика ишларини жадаллаштириш, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, одам савдоси ва ҳар хил диний оқимларга кириб кетмаслик борасида туман ички ишлар бўлими бошлиқ ўринбосари Л.Худойбердиев, ИИБ тергов бўлим бошлиғи Р.Исоқов томонидан йиғилганларга таҳлиллар асосида тушунчалар бериб ўтилди. Шу билан бирга Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи С.Хидиров ҳудудий бошқарманинг суриштирув сектори томонидан алиментни ўз вақтида тўламай келаётган қарздорларга нисбатан 2014 йилда жами 131, 2015 йилда 209 ва 2016 йилда жами 306 жиноят ишлари қўзғатилганлиги ҳақида алоҳида тўхталди.

Рақамларга мурожаат қилинадиган бўлса, Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси иш юритувида 2017 йил 31 март ҳолати бўйича жами 20024 алиментдан қарздорлик ҳолати қайд этилган.

Суд ижрочилари томонидан алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича охирги 3 йил давомида таққослайдиган бўлсак, қарздорларга нисбатан 2014 йилда жами 41 фуқарога, 2015 йилда 39 фуқарога, 2016 йилда жами 35 фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунига мувофиқ вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Жиноят Кодексининг 122-моддасига биноан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш яъни суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида тўламасликка нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаригача миқдорида жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ жазоси тайинланади.

Изоҳ билдириш