3122

Меҳнат муҳожирлари энди Россияга «махсус буюртма» бўйича бориши мумкин.

Жамият 11 апрель 8:24 412

Меҳнат муҳожирлари энди Россияга «махсус буюртма» бўйича бориши мумкин.

Ўзбекистондан Россияга йўл оладиган ишчилар қаерда ишлашлари, қанча маош олишлари ва қаерда яшашлари ҳақида ҳам олдиндан маълумотга эга бўлишади. Ўзбекистонда улар таълим даражаси, соғломлиги ва шубҳали ишлардан холилиги бўйича сараланади. Бу ҳақида Москва миграция марказининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берилган.

Маълум қилинишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасида фуқароларни вақтинчалик ишга ташкилий ёллаш бўйича махсус битим кучга кирган. Ҳужжатда Россияда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари қай тартибда танлаб олиниши, шунингдек, марказлашган меҳнат миграциясини ташкиллаштириш бўйича икки мамлакат вазирлик ва идоралари вазифалари белгилаб берилган. Хабарда таъкидланишича, бу меҳнат муҳожирларини Россияда фирибгарлар қўлига тушиб қолишдан ҳамда қулликка сотилишдан ҳимоялайди.

Ўзбекистон кўп йиллардан буён Россияга ишчи кучи етказиб бермоқда. 2017 йилнинг 1 февраль ҳолатига кўра, Россияга 1,5 миллион нафарга яқин ўзбекистонлик борган. Бу эса Европа Иттифоқидаги жами мамлакатларга борганлар сонидан 3 баробар кўпдир. Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилда Ўзбекистонга Россияда ишлаётганлар томонидан 1,88 миллиард доллардан ортиқ маблағ юборилган. Бу кўрсаткич МДҲ мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Россиядан Ўзбекистонга битта ўтказманинг қиймати 431 долларни ташкил қилган.

Янги халқаро битимга кўра, Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун эълон қилинган танловда фақат 18 ёшдан катта бўлган фуқаролар иштирок этиши мумкин бўлади. Шунингдек, ҳозирда муҳожирлар учун амалда бўлган барча қонун-қоидалар ўз кучини сақлаб қолади. Яъни, Россияга ишлашга келаётган муҳожир тегишли тартибда патент расмийлаштириши лозим ҳисобланади.

Ишга ёллаш бўйича ташкилий масала Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги агентлик томонидан бошқарилади. Ушбу вазирлик Россиядаги иш берувчи ва меҳнат муҳожири ўртасида тузиладиган меҳнат келишувларини назорат қилади. Агентлик ишчининг манзилга етиб олишини ҳам ташкиллаштиради.

Ўзбекистон ИИВ эса Россияга ишга юбориладиган ҳар бир фуқарони текширади. Жумладан, вазирлик томонидан фуқаро халқаро ёки давлат миқёсида қидирувда бўлган-бўлмагани текширилади.

Россия ҳудудида меҳнат муҳожирлари Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги томонидан назорат қилинади. Вазирлик россиялик иш берувчилардан бўш иш ўринлари, иш характери, маош миқдори, ишчилардан талаб этиладиган малакалар бўйича маълумотларни тўплайди. Шундан сўнг, бу маълумотларнинг барчаси Ўзбекистондаги ҳамкорларга юборилади. Ўзбекистон томони ўз навбатида ушбу вакансияларга мос ишчиларни қидириш билан шуғулланади.

Битимга кўра, Россия ИИВ зиммасига ҳам вазифа юкланган. Вазирлик Ўзбекистондан келувчи муҳожирларни рўйхатга олиш ва уларга рухсатномалар беришни ташкиллаштиради. Шунингдек, вазирлик Россиядаги меҳнат муҳожирларининг иш меҳнат ва ҳаёт фаолиятини назорат қилади.

Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини ишга таклиф қилаётган иш берувчиларга ҳам алоҳида ёндашилган. Россиялик иш берувчилар Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини ишга таклиф қилгудек бўлса, ташриф буюрувчилар учун ётоқхоналар ҳозирлаши шартлиги кўрсатилган. Бундай ётоқхоналар Россиядаги санитария-гигиена нормаларига мувофиқ бўлади. муҳожирларига тўланадиган иш ҳақи миқдори эса энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаслиги лозим.

Шунингдек, иш берувчи ишга таклиф қилинаётган муҳожир учун тиббий суғуртани ҳам ўз зиммасига олиши лозим. Ҳужжатга кўра, эндиликда ишлаб чиқариш жараёнида меҳнат муҳожири соғлиғига шикаст етадиган ёки у вафот этадиган тақдирда иш берувчи муҳожир жасади ватанига етказилиши учун кетадиган харажатларни қоплаб беради.

Изоҳ билдириш