3083

Пенсияни тўла ҳажмда оладиган ишловчи пенсионерлар рўйхати кенгайтирилди

Жамият 10 апрель 16:25 1 279

Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги фармон эълон қилинди, деб хабар бермоқда Norma.uz.

Эндиликда тўла ҳажмда пенсия олиш ҳуқуқига эга ишловчи пенсионерлар орасига қуйидагилар қўшилди:

1) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги ҳудудий кенгашлари раиси биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари;

2) Ўзбекистон фахрийлар жамоатчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «Нуроний» жарғармаси барча ходимлари;

3) Мудофаа вазирлигининг

• Қуролли Кучлар Академияси, Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчилари ва илмий ходимлари;
• ҳарбий-академик лицейлар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва ўқитувчилари, шунингдек, бошланғич ҳарбий тайёргарлик академик лицейлари ва профессионал коллежлари раҳбарлари;
• ҳарбий-саноат мажмуаси тузилмасига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва хизмат кўрсатиш ходимлари сифатида меҳнат фаолиятини олиб борувчи ҳарбий хизматчилар.

4) Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитасининг

• Миллий хавфсизлик хизмати Институти, Стратегик таҳлил ва прогнозлаштириш Олий мактаби, махсус тайёргарлик Ўқув маркази, радиоэлектрон тизимлар ва ахборот технологиялари Маркази, шунингдек фуқаролик мудофааси Институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа олий ҳарбий билим юртларининг аҳолини тайёрлаш ҳудудий марказлари ўқитувчи ва илмий ходимлари ҳамда бошқарув таркиби;
• республика академик лицейлар ва профессионал коллежларининг маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва тарбиячилари;
• ҳарбий-саноат мажмуаси тузилмасига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва хизмат кўрсатиш ходимлари таркибидаги ҳарбий хизматчилари ва ходимлари.

Ҳарбийлаштирилган тузилмалар вакиллари пенсиянинг 100 фоиз ҳажмини, фақатгина бир вақтнинг ўзида бошқа жойда ишламасалар олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалгидек 100 фоиз пенсияни қуйидаги фуқаролар олади:

а) ногиронлар ва уруш қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
б) Икки жаҳон уруши йилларида фронт ортида ҳарбий вазифаларни бажарган ёки ишлаган шахслар;
в) I ва II гуруҳ ногиронлари;
г) Чернобиль фалокати оқибатида жабрланган шахслар.
д) фуқаролар йиғинлари ва маҳаллалар раислари;
е) фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишловчи аёл пенсионерлар – ёш бўйича пенсияни олганда.

Изоҳ билдириш