2966

Иккинчи жаҳон урушининг 14 нафар иштирокчисига уйлар берилади, 173 нафарининг тураржойи таъмирланади

Жамият 10 апрель 9:12 328

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида вилоятлар, туман ҳокимликлари ва бошқа тегишли идоралар раҳбарлари иштирокида умумий видеоселектор мажлис ўтказилди.  Мажлисда Президентнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2865 сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Кун.uz манбасининг маълум қилишича, Бош вазир шу муносабат билан ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларни юқори савияда ташкил этиш кераклигига алоҳида урғу берар экан, бу ишларнинг барчаси Президент ташаббуси билан режалаштирилаётганини алоҳида таъкидлаган. Хусусан, таълим муассасаларида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги кечалар бўлиб ўтади. Фильмлар намойиш этилади. Жойларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг қаҳрамонликлари, уларнинг Ватан олдидаги бурчларини сидқидилдан адо этганликларини тарғиб қилиш мақсадида тадбирлар ташкил этилади.

Видеоселектор мажлисида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига “Сен етим эмассан”, “1941 йил олмалари”га ўхшаган Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон аҳолиси кўрсатган фидойиликларни акс эттирувчи фильмлар рўйхатини тақдим этиш вазифаси юкланган. Улардан телевидение орқали намойиш этиладиган картиналар танланади.

Бундан ташқари, Мустақиллик йилларида хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар, ички ишлар ва хавфсизлик хизмати ходимлари уйларига ҳам борилиб, уларнинг яқинларининг ҳолидан хабар олинади, марҳумлар қабрлари ободонлаштирилади.

Кун.uz манбасига кўра, республикадаги 10 мингга яқин қабристонлар Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ободонлаштирилади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 14 нафарига хонадонлар берилади, 173 нафарининг уйи таъмирлаб берилади. 2000дан зиёд кишига ногиронлар аравачаси бепул тақдим этилади. Маҳалла комиссиялари томонидан ёрдамга муҳтож ногиронларга зарурат бўлса ортопедик воситалар (протезлар) тақдим этилади

Изоҳ билдириш