2810

Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимдан озод этилди

Жамият 7 апрель 17:17 436

Самарқандда вилоят хотин-қизлар қўмитаси бошқарувининг навбатдан ташқари йиғилишида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Раббимова ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди, деб хабар қилди Самарқанд ҳокимлиги матбуот-хизмати.

Хабарда айтилишича, мазкур вазифага Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Марҳабо Fафурова номзоди таклиф этилиб, бошқарув аъзолари томонидан маъқулланган.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бугунги кунда хотин-қизлар қўмиталари зиммасига қўйилаётган вазифалар, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари хусусида сўз юритган.

«Жорий йил номланишидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизлар қўмиталари томонидан аҳоли билан учрашувлар ўтказилаётир, оилаларга кириб, улардаги маънавий муҳитни ўрганиш, муаммоларини ҳал этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда, — деган Т.Норбоева ўз сўзи давомида. – Аммо ушбу вазифаларни янада мақсадли ташкил этиш, муаммоларни чуқур ўрганиб, кейинги ишларни ташкил қилишни белгилаб олиш талаб этилмоқда. Оилалардаги муҳитни ўрганиш асосида хотин-қизлар орасида содир этилаётган салбий ҳодисалар сабабларини таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бу муаммоларга барҳам бериш барча қўмита раисларининг бирламчи вазифаларидан бири саналади».

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар юзасидан хотин-қизлар қўмиталари олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Изоҳ билдириш