2599

Тошкент вилоятида икки аёлни талаган “хамтовоқлар” қўлга тушди

Жамият 6 апрель 12:32 264

Тошкент вилоятилик “икки шоввоз” бир куннинг ўзида икки ҳимоясиз аёлни қўрқитиб, уларнинг уйидан қимматбаҳо буюмларини олиб чиқиб кетган. Бу хақида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эндигина 23 ёшни қаршилаган бу йигитчалар ўзларининг қинғир ишларини олдиндан режалаштириб олишади. Сўнгра ўзлари яшаган Тошкент вилояти Пискент тумани “Оқтепа” МФЙга қўшни бўлган Оққўрғон тумани С.Сегизбаев фермерлар уюшмаси 1-бўлим Шоҳруҳия қишлоғи ҳамда Бўка тумани “Тошлоқ” МФЙда истиқомат қилган уй бекаларига дўқ-пўписа қилиб, 2 дона мобиль телефонлари ва сариқ металлдан ясалган 2 жуфт зираклари, бундан ташқари, 180 минг сўм пулларини тортиб олиб, кўздан ғойиб бўлишган.

Ички ишлар органлари ходимларининг тезкорликда кўрган чоралари натижасида бу икки ҳамтовоқ қўлга олинди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни содир этиш сабабларини ўрганиш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш