2403

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари пул мукофоти билан рағбатлантирилади

Жамият 4 апрель 21:35 276

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларинирағбатлантириш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

9-май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945-йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72-йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:

1. 1941-1945-йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 2 000 000 (икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгилансин.

2. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда 1941-1945-йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Бадиий академия, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шаъни-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказсин.

5. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Изоҳ билдириш