2328

Жиззах божхона бошқармаси томонидан контрафакт дисклар савдосининг олди олинди

Жамият 4 апрель 12:14 495

Мўмай даромад илинжида турли фильмлар, концертлар, клиплар ва бошқа материалларни яширин равишда кўпайтириб, пуллаётган ва божхона сарҳадлари орқали ноқонуний олиб ўтишга уринаётган «сохта тадбиркор»лик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида республика божхоначилари томонидан доимий чора-тадбирлар олиб борилиб, сифатсиз, лицензияланмаган, контрафакт тарзда кўпайтирилган DVD ва СD дискларнинг сотилиши олди олинмоқда. Бу ҳақда Жиззах вилояти Божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Жумладан, яқинда Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан олинган тезкор маълумотга асосан, тегишли идоралар билан ҳамкорликда Жиззах тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида, Жиззах тумани ҳудудида яшовчи Ж.Сагатовнинг (мақоладаги исм-шариф ўзгартирилган) яшаш хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ўз хонадонида ҳеч қандай ҳужжатларсиз МР-3 ва МР-4 форматдаги ҳар хил телесериал, бадиий ва жангари фильмлар, клип, концерт ҳамда қўшиқларни қўлбола усулда DVD ва CD дискларга ёзиб, сотиш учун тайёрлаб қўйганлиги маълум бўлди.

Тезкор тадбир давомида хонадондан жами 3 135 дона контрафакт DVD ва CD диск ҳамда уларни кўпайтириш учун ишлатилган компьютер жамланмалари ва ҳар хил рангли бўёқлар ашёвий далил сифатида олинди.

Хозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан аниқланган 29 та ҳолатда салкам 42 миллион сўмлик товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Изоҳ билдириш