13497

«Ўзстандарт» агентлиги огохлатиради

Жамият 21 июль 16:55 723

«Урганч шароб» акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилган алкоголли маҳсулотлар давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳақида «Ўзстандарт» агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарга кўра, «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Алкоголли маҳсулотлар сифати бўйича давлат инспекцияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган «Беруний шароб савдо» ихтисослаштирилган шароб савдо базасида алкогол маҳсулотлари сифати текширилди.

Таҳлиллар натижасида база омборхонасида мавжуд «Урганч шароб» акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилган 6995 дона «Бизнинг ором» виноси, 4305 дона «Фазан» ва 9757 дона «Қора Байир» ароқ маҳсулотлари давлат стандартлари талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланди.

Бундан ташқари, савдо дўконларида аҳолига сотилаётган алкогол маҳсулотлари текширилганида, мазкур акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилган «Урганч» оддий ароғи, «Золотая марка» ва «Голд Бранд» ликёрароқ маҳсулотлари давлат стандартлари талабларига мувофиқ эмаслиги маълум бўлди.

Аниқланган сифатсиз алкогол маҳсулотлари савдо тармоғидан олиниб, қайта ишлаш учун ишлаб чиқарувчига қайтарилди. «Урганч шароб» акциядорлик жамияти фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва масъулларга нисбатан чора кўриш юзасидан тегишли ваколатли идораларга натижалари бўйича хулосалар юборилди.

Агентлик мазкур масала юзасидан расмий веб сайти орқали тизимли янгиликлар бериб боришини билдирган.

Изоҳ билдириш