13257

2 тоннадан зиёд гуручнинг Республикамиз ҳудудидан ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди

Жамият 20 июль 9:34 311

Қашқадарё вилояти божхоначилари республикамиздан транзит тарзида ўтаётган йўловчи поезди орқали қарийб 2,2 тонна гуручнинг ноқонуний олиб ўтилиши олдини олишди.

Хусусан, Нишон тумани “Москва-Душанбе” йўналишидаги йўловчи поездида қўшни давлат фуқароси Мирали Сафаров йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, вагоннинг турли жойларига яширинча жойлаштирилган ҳолда 20 қопдан иборат 1 тоннадан зиёд “аланга” навли гуручни келгусида сотиш мақсадида қўшни давлатга ноқонуний тарзда олиб ўтаётганда тўхтатиб қолинди.

Бундан ташқари, унинг жиноий шериги бўлган қўшни давлат фуқароси Хасан Мироков ҳам ушбу қинғир йўлни танлаб, ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан, вагоннинг турли жойларига яширинча жойлаштирган ҳолда 23 қопдан иборат 1133 килограмм “лазер” ҳамда “аланга” навли гуруч маҳсулотини ўз юртига ноқонуний равишда олиб ўтаётганда қўлга олинди.

Якунда қўшни давлат фуқаролари М.Сафаров ҳамда Х.Мироковга нисбатан тегишли суд органларининг қарорлари билан жазо чоралари қўлланилди. Ашёвий далил сифатида олинган қарийб 7 миллион сўмлик гуруч белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилди.

Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ҳалқимизни сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шундай экан, юқоридаги каби зарур озиқ-овқат маҳсулотларини мамлакатимиз ҳудудидан ноқонуний ташиб кетилишининг олдини олишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бирга барча фуқароларимиз ҳам бирдек масъулдир.

Изоҳ билдириш