11949

Виртуал қабулхона ходимлари вояга етмаган 11 фарзандли оилага қойил қолишди

Жамият 5 июль 10:37 553

Виртуал қабулхона ходимлари Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек шаҳарчасидан фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни жойида ўрганиш жараёнида Элла Дугинанинг оиласига эътибор қаратишди.

Элла Дугина 1978 йилда туғилган, турмуш ўртоғи яқин кунларда Россияга кетган экан. Қайнотаси қоровул бўлиб ишлайди. Айниқса, Элланинг 11 нафар вояга етмаган фарзанди – 7 қиз ва 4 ўғли борлиги кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Тўнғич фарзанди 12 ёшда, кенжатойи эса ҳали 1 ёшга ҳам тўлмаган. Яна қизиғи, Элланинг тўнғичи 2004 йилда, иккинчи фарзанди 2005 йили, учинчиси эса 2006 йилда, барчалари ноябрь ойининг 18-санасида туғилган,деб ёзади 1news.uz.

Дугина кўп болали бўлишига қарамай, шу пайтгача бирон марта маҳалла фуқаролар йиғинига моддий ёрдам сўраб келмаган экан. Ушбу хонадон аъзолари ўзларига тегишли бир парча ҳовлида деҳқончилик, асаларичилик, чорва моллари, қуён, товуқ боқиш билан шуғулланиб, рўзғорини обод қилиб келмоқда. Жажжи болакайлар онасига кўмакчи, қўлларидан келганча уй юмушларини қилишади.

Ҳозирда Элла Дугинанинг қайнотаси 3 хонали таъмирталаб уйнинг 1 хонасида, оиланинг қолган аъзолари (13 киши) икки хонасида яшаб келмоқда. Оилада болаларнинг меҳнатсеварлигини ва юзларидан нур ёғилиб турганини кўрган кишининг бу оилага ҳавас қилмасдан иложи йўқ. Оиладаги файзу барака, бир-бирига меҳр, жипслик ва энг асосийси, шукроналик кайфияти инсонни бу ҳаётда нима муҳимлигини, интилаётган мақсадлари қанчалик аҳамиятга эга эканини яна бир бор жиддийроқ ўйлаб кўришга ундайди.

«Бизга ҳеч нарсанинг зарурати йўқ. Рўзғорга керакли ҳамма нарсани ўзимиз меҳнат қилиб топяпмиз. Фарзандларим кичкиналигидан меҳнат нималигини ўрганиб боришмоқда. Шунинг учун кўнглимиз ҳам, хонадонимиз ҳам обод», — дейди Элла камтарлик билан.

Меҳмонлар ушбу оилага ҳам ҳавас қилишди, ҳам қойил қолишди. Дугинага, гарчи ўзи сўрамаган бўлса-да, хонадондаги мавжуд шарт-шароитни ҳисобга олиб, вояга етмаган фарзандлари учун давлат томонидан моддий ёрдам белгиланди. Улар яшаётган уйни таъмирлашга кўмаклашиш бўйича амалий чоралар кўрилди. Оила зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Изоҳ билдириш