11806

Тестларни 100% тўғри бажариш учун нима қилиш керак? Имтиҳон арафасида абитуриентларга 7 маслаҳат

Жамият 4 июль 10:24 1 236

1 август – барча абитуриентлар учун кучли ҳаяжонли кун. Бу кунда кимдир билимига, кимдир омадга, яна кимдир эса бошқа бирор нарсага ишониб кириш имтиҳонлари тестларини 100% тўғри бажариш ҳамда талабалик бахтига муяссар бўлиш орзуси билан имтиҳон ўтказилиш биносига йўл олади. Ҳар ким тестларни ўзи билганича, билимига таянган ҳолда, ўз услубидан келиб чиқиб бажаради. Қуйида тестларни тўғри бажаришингизда муҳим бўлган зарурий босқичларни келтириб ўтмоқчиман.

1. БИЛИМИНГИЗГА ИШОНИНГ.   Тест имтиҳонига киришишдан аввал имтиҳон кунига қадар олган билимингизга ишонинг. Агар абитуриент ўзига, билимига ишонса, у ўз олдига қўйган ҳар қандай вазифани уддалай олишига ишонинг. Сизда билим бўлсаю, ўзингизга ишонмасангиз, тахминлар ва қўрқувлар оғушида тест бажаришга киришсангиз, ортиқча ҳаяжон таъсирида жавоби оддий бўлган саволларни ҳам ижобий ҳал қила олмай қолишингиз мумкин. Ўзингизга ишонинг ва Сиз ҳаммасини уддалайсиз!

2. БАРЧА САВОЛЛАРНИ КЎЗГАН КEЧИРИБ ЧИҚИНГ. Бажаришни бошлашдан аввал саволлар китобидаги барча саволларга тезлик билан кўз югуртириб чиқинг. Бундай қилиш орқали Сиз учун осон бўлган саволларни топиш ва қийинроқ бўлган саволларни аниқлаб олишингиз мумкин бўлади. Осон бажариладиган саволларни биринчи ўринда ҳал қилинг. Жавобини топиш қийин бўлган, кўп ўйлашни талаб қиладиган саволлар устида кейинроқ бош қотирасиз. Ҳар доим энг осон саволларни биринчи бажаринг!

3. ВАРИАНТЛАРГА ҚАРАМАСДАН, ЎЗИНГИЗ ФИКРЛАНГ. Саволни ўқиганингиздан сўнг вариантларга қарашга шошилманг. Вариантлар берилмаган, деб ҳисоблаб, саволга ўзингиз мустақил равишда, ўз фикрингизга таянган ҳолда жавоб беришга характ қилиб кўринг. Жавоб топганингиздан сўнг вариантларга қарашингиз мумкин! Агар Сиз ўйлаган жавобнинг айнан ўзи вариантлар орасида бўлмаса ҳам, унга энг яқин бўлган жавоб бўлиши мумкин. Бу усулдан фойдаланган ҳолда тўғри жавобни тез топиш имконига эга бўласиз.

4.Ортиқча жавобларни олиб ташланг. Вариантларда берилган жавобларнинг фақат биттаси тўғри бўлади. Қолган танловдаги хато жавобларни ўчириб ташланг ва уларга умуман эътибор қилманг. Тўғри жавобни топишдан аввал нотўғрилиги аниқ бўлган жавобларни ўчириб ташлаш фикрингизни жамлашингизда ёрдам беради. Ортиқча жавобларни олиб ташланг, шунда тўғри жавобнинг ўзи Сизга кўриниб қолади.

5. «Барча жавоблар тўғри» жавобини танлашда эхтиёт бўлинг. Абсолют жавобларга «Юқоридагиларнинг ҳеч қайси эмас”, «Юқоридагиларнинг барчаси», ёки «Барча жавоблар тўғри» каби вариантлар кириши мумкин. Бу турдаги жавоблар деярли ҳар доим нотўғри вариант бўлади ва агар ростдан ҳам юқорида келтирилган жавоб вариантларининг камида иккитаси тўғри эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасангиз, бундай жавобларни тўғри жавоб сифатида белгиламанг!

6. ТАВАККАЛДА ҲАР ДОИМ Б ЁКИ C ЖАВОБНИ ТАНЛАНГ. Тест тузувчилар кўпинча тўғри жавобни вариантларнинг ўрта қисмида жойлаштиришади. Шунинг учун биринчи жавоб бўлган А вариант, ёки охирги жавоб бўлган Д вариантда кўпинча хато жавоблар келтирилади. Саволнинг аниқ жавобини билмасангиз, тахмин сифатида ҳар доим Б ёки C жавоблардан тахминингизга энг яқин бўлган жавобни белгиланг.

7. ҚОЛГАН НАРСА ҚОЛИБ КEТМАСИН. Юқоридаги тавсияга амал қилиб бажарилиши қийин бўлган саволларни ташлаб кетилган ҳолида унутиб қолдирманг! Осон саволларни бажариб бўлганингиздан сўнг албатта қолдириб кетилган, Сиз учун қийин бўлган саволларга қайтиб, улар устида бош қотиринг.

Юқоридагилар кўп танлов вариантларига асосланган тестларни ечиш бўйича оддийгина тавсия, холос. Аслида тестни тўлиқ тўғри бажариш учун Сиздан кўпроқ ўқиш, билим олиш ва изланиш талаб этилади. Чунки яхши тайёргарликдан ўтган, билимли кишининг меҳнатини ҳар қанча қийин тестлар билан ҳам бекор қилиш мумкин эмас. Ўқинг ва албатта тестларни тўғри бажарадиган бўласиз! Фақат ўз билимингизга ишонинг! Сиз буни уддалайсиз!

Изоҳ билдириш