10621

БМТ Марказий Осиёда қурғоқчиликни олдини олиш бўйича ҳисобот тайёрлади

Жамият 21 июнь 18:46 371

Марказий Осиё ва Туркия ҳудудларида қурғоқчиликни олдини олиш бўйича ҳисобот тайёрланди. Бу ҳақида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти хабар берди.

БМТ мутахассислари томонидан 6 та давлат (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон) ҳудудларида тадқиқот ўтказилиб, тегишли ҳисобот тайёрланди. Ҳисоботда Марказий Осиёда қурғоқчилик муаммолари, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бартараф этиш бўйича тавсиялар баён этилган.

Мутахассислар қурғоқчилик кучайиб кетиши оқибатида Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги ва аҳоли фаровонлигига таҳдид солаётганини таъкидлаганлар. Жумладан, Марказий Осиё давлатларида асосан тоғлар билан ўралган чўл ва саҳролардан иборат ҳудудда 65 млн аҳоли истиқомат қилади. Сувлар асосан тоғларда қор эриши натижасида ҳосил бўлади.

Айниқса ёз мавсуми жазирамаси туфайли қурғоқчилик хавфи кучаяди. Марказий Осиё давлатлар ҳудуди орқали дарё сувлари Орол денгизига қуйилади. Лекин Орол денгизининг сув даражаси 18 метрга пасайиб, сув миқдори эса 5 баравар камайди.

Бунинг оқибатида атрофдаги ерлар шўрланиб, ҳудуднинг фауна, флора ва инсон соғлиғига кескин таъсир кўрсатган экологик офат юзага келди. Орол денгизи муаммосини Марказий Осиё давлатлари ҳамкорликда минтақавий миқёсда ҳал қилиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, 2001 йилда кучли жазирама ва узоқ муддат давом этган қурғоқчилик пайтида ёғингарчиликлар 60 фоизга кам ёғди. Бунинг оқибатида дарёлар суви 3 бараварга камайди.

Ўша вақтда аҳолининг озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароитлари ёмонлашди. Қишлоқ хўжалиги айрим соҳалари 80 фоизгача даромад йўқотди. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларда марказий сув таъминоти тизими инфратузилмаси эскириб, ишдан чиқмоқда. Уларни таъмирлаш учун зарур жиҳозлар мавжуд эмас.

БМТ мутахассислари томонидан Марказий Осиё давлатлари трансчегаравий сувлардан адолатли фойдаланиш, дарёлар сувларини асраб-авайлаш борасида минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, қурғоқчиликни олдини олиш учун мамлакатларнинг иқтисодий ва экологик ҳусусиятлардан келиб чиққан ҳолда ягона сиёсатни амалга ошириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти қурқоқчиликни олдини олиш бўйича Марказий Осиё ҳар бир давлати учун алоҳида тавсияларни ишлаб чиқди.

Изоҳ билдириш