10529

ПИНҲОНА ТАҲДИД ёҳуд ҳалокатга элтувчи сақичлар ҳақида

Жамият 20 июнь 16:40 671

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилишгача олиб борувчи  «Кўк кит», «Тинч уй« каби қўштирноқ ичидаги«ўлим гуруҳлари»нинг вужудга келгани кенг жамоатчиликнинг жиддий ташвиш ва хавотирларига сабаб бўлди.

Воя етмаган ёшларни худкушликка чорловчи ушбу ўйинлар асосан онгги ҳали тўлиқ шаклланмаган, мустақил фикр ва маънавий дунёқарашга эга бўлмаган ўсмирларни ўз нишонига олмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган 2016 йилда Россия, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг ўзида 850 дан ортиқ ўсмирнинг ушбу ўйин туфайли ўз жонига қасд қилишга урингани қайд этилган.

Республикамизда бундай ёт ғояларнинг ошкора тарғиб қилинишига қарши қонун йўли билан яъниЎзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жиддий тўсиқ қўйилган. Амалдаги тартибларга кўра, республикамизга зўравонликни тарғиб қилувчи материалларни олиб кириш таъқиқланган.

Масаланинг аянчли жиҳати шунда-ки, фойданинг кетидан қувиб, фақат ва фақат мўмай даромадни кўзлаётган айрим қўштирнчоқ ичидаги тадбиркорлар учраб турибди-ки, уларни ҳам ҳеч иккиланмай таҳдидли ўйинларнинг тарғиботчиси дея баҳолаш мумкин. Қандай қилиб дейсизми?

ЯқиндаДавлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари томонидан сифатсиз ва истеъмол муддати ўтган йирик миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларининг юртимизга олиб кирилишининг олдини олинган эди ва бу ҳақида телевидение орқали тезкор лавҳалар ҳам намойиш қилинган эди.

Пойтахтимиздаги “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида  темир йўл контейнерларидан бири ўртнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Контейнердаги 20 тоннадан ортиқ юклар Латвиядан пойтахтимизда фаолият юритувчи “Modern sweet” маъсулияти чекланган жамиятлар номига юборилган бўлиб, улар орасидаги салкам 5 тоннаю 800 кг. шоколад ва сақичларнинг истеъмол муддати деярли 3 йил аввал ўтиб бўлган экан.

Аммо, таҳлиллар давомида бундан-да даҳшатли манзара намоён бўлди. Маҳсулотлар орасидаги салкам 560 кг. оғирликдаги сақичларнинг саломатликка таҳдидидан кўра, жамиятимиз осойишталиги ва ёшларимиз ҳаётига таҳдиди минг чандон хавфли бўлиб чиқди.

Содда қилиб айтганда АҚШнинг “Wrigley” компанияси маҳсулоти ҳисобланмиш “Truth or dare” (FIVE) яъни “Ҳақиқат ёки журъат” деб баланпарвоз ном билан аталган сақичлар қадоғидаги ёзувдар ҳам ёшларнинг онггини заҳарлашга ундовчи ғоялар билан йўғрилгани маълум бўлди.

Бир қарашда ёрлиқлардаги кичкинагина жумлалар шунчаки кўнгилхушлик воситаси сифатида эътиборга арзимасдек туюлиши мумкин. Лекин, …

Келинг яхшиси, сақичлардаги ушбу жумлалар юзасидан Республика Маънавият тарғибот маркази экспертларининг хулосасига юзаланайлик.

“Мазкур маҳсулотларнинг номи ва унинг ичидаги сақичларга ўроғлик қоғозларда истеъмолчиларга қизиқ бўлиши ва ўзига жалб қилиш мақсадида турли шаклларда даъватлар, топшириқлар ва чақириқлар мавжуд бўлиб, бироқ ғоявий-мафкуравий жиҳатдан мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий, ижтимоий ислоҳотларга мос эмас.”

Ёрлиқлардаги чақириқларга аҳамият беринг:

“Бўса олинг!”,

“Шаҳвоний овозда гаплашинг!”,

“Бўсангиз суратини ижтимоий тармоқа жойлаштиринг!”,

“Хонадаги энг чиройли одамдан бўса сўранг”,

“Қўлсиз ечининг!”

“Ёшликдаги энг аҳмоқона ишингизни такрорланг!”

“Дўстингизнинг белидан бармоқларингиз учи билан силанг!”

“Кимнингдир орқасидан музқаймоқ отинг!”

Бу каби даъватларнинг, топшириқларнинг сони эса 745 мингдан ошади!

Хўш, бу даъватлардан нима кутиш мумкин? Ёшларни ошкора одобсизлик ва чиркин одатларга етаклаётган чорловлар замирида аслида юқорида санаб ўтганимиз “Кўк кит”, “Покемон Го”, “Тинч уй” каби ўзини ўзи ўлдиришга мажбурловчи хавфли ўйинлар тарғиботи мужассам эмасми?

Бундай сақични чайнаб кўрган ўспирин ундаги топшириқларни бажариб кўриши табиий! Чунки, одатда ўсмирлар атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлади ва ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади.

Ўзбек ёшларининг сақичда чорловга буйсуниб, уни амалга оширишларини тасаввур қилишнинг ўзиёк кишини ўнғайсиз аҳволга солади.

Суриштирувлар давомида маълум бўлиши-ча, бу каби сақичлар Россия Федерациясининг “Ригли” компанияси томонидан ҳам “Правда или Действие” номи остида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.

Ушбу давлатдан қайтаётган юртдошларимиз эса яқинларига, фарзандларига деб бу каби сақичларни ўйламай харид қилишаётгани кишини тааажубга солади.

Жумладан, жорий йилнинг 26 май куни “Урганч аэропорт” чегара божхона пости орқали “Санкт–Петербург–Урганч” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро Н.Абдуллаева ҳам 1 ўрамда “5 Правда или Действие” ёзувли бўлган сақичларни олиб кираётганлиги аниқланган.

Ушбу сақичлардаги давъатлар эса янада аҳмоқона ва хунук кўриниш акс этган.

“Агар сен жинсингни бир кунга ўзгартирсанг, шу кунни қандай ўтказардинг?”

“Дунёда энг зўр жинсий алоқага чорловчи фикрингни ёз”

“Мана шу топшириққани пешонангга сельфи қилиб ёпиштир!”

Бу топшириқлар нафақат ўсмирларни, балки катта ёшдагиларни ҳам эсанкиратиб қўйиши, табиий! Ёшлар онгги учун кураш кетаётган ҳозирги таҳликали замонда бу каби маҳсулотларни олиб киришга уринишни ҳеч иккиланман халқимиз маънавиятига зарба бериш билан тенглаштириш мумкин.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза! Ҳадсиз-ҳудудсиз Интернет тармоғи орқали бу каби ўйинларни исталганча тарғиб қилиш имкони бўла туриб, уларни яхшигина маблағ сарфлаб,  турли товарларнинг ёрлиғига қадоқлаш кимга керак деган савол туғилади!

Бир қарашда бу харидорни товарга нисбатан жалб қилиш усулидек туюлиши мумкин.  Аслида эса, бу каби сақичлар воситасида вайронкор ғояларни Интернет ҳали тўлиқ кириб бормаган, унчалик оммалашмаган чекка-чекка ҳудудларгача ёйишдек жирканч мақсад кўзлангани аниқ!

Лавҳамиз якунида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 3 июнь куни Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида салкам 560 кг. сақичлар ёқиш йўли билан йўқ қилиб ташланди. Шу тариқа, вайронкор ғояларнинг 745 минг дона тарғибот воситаси йўқ қилинди.

Жамиятда ҳар биримиз истеъмолчи сифатида турли товарларни харид қиламиз. Аммо, пул меники, исталган нарсамни сотиб оламан деган қарашларнинг замони ўтди.

Эндиликда шиддатли давр ҳар биримиздан истеъмолчи масуълиятини талаб этмоқда. Хулоса қилиб айтганда, билиб-билмай маънавиятимизга таҳдид солувчи ҳар қандай кўринишдаги маҳсулотни сотиб олиш орқали жирканч ғояларнинг тарғиботчиси ва ташувчисига айланиб қолмайлик.

Ҳусен Тангриев

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори

Изоҳ билдириш