10281

“Пойтахтга доимий пропискага қўямиз”

Жамият 19 июнь 9:47 1 330

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 25 кишидан иборат жиноий гуруҳнинг ана шундай “ҳиммати” ортидаги кирдикорлари фош этилди

Манзура Холбоева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзи яшайдиган Яшнобод туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинига котиба лавозимига ишга кириб, ушбу лавозимда бир йил ишлади. Маҳалла фуқаролар йиғинида «паспортистка» штати очилганлиги сабабли, маҳалла раиси уни мазкур лавозимда ишлашни таклиф қилди. Манзура бу таклифни жон-дили билан қабул қилиб, тегишли тартибда Яшнобод тумани ҳокимиятидаги ваколатли шахслар суҳбатидан ўтиб, “маҳалла паспортчиси” лавозимига тайинланди. Паспортчи сифатида унинг хизмат вазифаларига маҳаллада яшовчи фуқароларга хонадонда неча киши бўлиб яшашлари ҳақида коммунал хизматлар тўловини амалга оширишлари учун маълумотнома бериш, маҳаллага доимий рўйхатга ўтмоқчи бўлган фуқаролардан аризаларини қабул қилиш, шунингдек, қайси уйга рўйхатга ўтмоқчи бўлса, ўша уйнинг эгасидан ариза ва уйнинг ҳужжатларини талаб қилиш, сўнгра ушбу ҳужжатларни тумани ИИБ ХЧК ва ФРБга тақдим этишдан иборат эди. У шу масала билан боғлиқ ишларни амалга ошириш вақтида Яшнобод тумани ИИБ Хорижга чиқиш келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига тез-тез қатнайдиган бўлди.

Бундан илгари эса қариндошларининг олдига – Қозоғистон Республикасига бормоқчи бўлганида иккинчи вояга етмаган фарзандини ўзи билан давлат чегарасидан олиб ўтиши учун фуқаролик паспортига унинг расмини ёпиштириш зарурати туғилганда, Яшнобод тумани ИИБ ХЧК ва ФР бўлимида шу масала билан шуғулланувчи ходим Қосимов Бекзод билан танишиб қолганди. У фуқароларни Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга қўйиш билан шуғулланарди. Одатдаги кунларнинг бирида у Бекзоднинг олдига иш юзасидан ташриф буюрди.

– Манзура, сизга бир таклифим бор эди, – деди Бекзод.

– Қанақа таклиф экан?, – деб ҳайрон бўлди Манзура.

– Мени Роза исмли ёрдамчим бор эди, у чет элга кетмоқчи, унинг ўрнига ишга ўтмайсизми?

Ундан бундай таклифни кутмаган Манзуранинг чеҳраси ёришди.

– Ўзи охирги пайтларда турмуш ўртоғим билан уришиб қолиб, бирга яшамаяпман. Икки фарзандни бир ўзим катта қиляпман, иқтисодий томондан ҳам қийналиб қолдим. Агар яхши маош тўласангиз, ишлаганим бўлсин, – деди Манзура хурсанд бўлиб.

Қосимов Р. унга яхши маош тайинлашга ваъда берди.

Шундай қилиб, Манзура Қосимов Бекзоднинг норасмий ёрдамчисига айланди. Шу билан бирга аввалги жойида ҳам ишлай бошлади, аммо икки жойга қатнаш оғирлик қилгани туфайли маҳалла паспортчилигидан бўшаб, батамом Яшнобод туман ИИБ да ёлланган ишчи бўлиб ишлай бошлади

У иш фаолияти давомида Қосимов Бекзод берган топшириқларини бажариб, туманга доимий пропискага ўтиш учун ариза билан мурожаат қилган фуқароларнинг ҳужжатларини паспорт бўлими раҳбари ва Қосимов Бекзод ўрганиб чиққач, ҳужжатларни махсус дафтарга рўйхатга киритиб, сўнгра фуқаролик паспортларининг тегишли бетига Яшнобод туманига доимий прописка қилинганлиги ҳақидаги тўртбурчак шаклдаги муҳрни уриб, рўйхатга ўтиш саналарини ҳамда доимий пропискага қонуннинг нечанчи банди асосида ўтганлиги ҳақидаги ёзувларни ёзиш ишлари билан шуғуллана бошлади. Иш вақти иш кўп ёки камлигига қараб белгиланарди.

Қосимов Б. ваъда берганидай маош борасида уни хафа қилиб қўймади. Ўзининг ҳисобидан Манзурага норасмий ойлик иш ҳақи сифатида ҳафтасига 100.000 сўмдан, тушлик учун эса 10.000-15.000 сўм атрофида пул бериб турди. Манзура бу ерда ўзига ўхшаб норасмий тарзда ишловчи Баҳромова Гулсара билан танишиб, қалин дугонага айланди.

Бир куни у Гулсара билан тушлик қилишга чиқди.

– Гулсара, қанчадан-қанча вилоятлик одамлар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга туриш истагида ҳаракат қилади. Қўлимизда шунча имконият бор, шундан фойдалансак бўлмасмикан? Ўзимиз ҳам бир нималик бўлиб қолармидик… – деди Манзура.

– Албатта, бундай қулай имкониятдан фойдаланишимиз зарур. Анчадан бери ўзим ҳам шу ҳақда ўйлаб юргандим. Агар ҳужжатларни қалбакилаштириб, доимий рўйхатга қўйилди, деган муҳрни босиш қўлингиздан келса, мен истаганингизча одам топиб бераман. Таниш-билишларим кўп, бу ҳақда уларга айтсам, қарабсизки, ҳамма вилоятликлар ёпирилиб келади, – деди Гулсара.

Шундай қилиб, бир неча кишидан иборат уюшган гуруҳга асос солинди.

У Гулсаранинг зиммасига ўзининг кўрсатмаларини бажариш, Тошкент шаҳрига доимий пропискага киришга истаги ҳамда моддий имконияти кенг бўлган, вилоятларда яшовчи фуқароларни топиш, уларни алдаш ва ишончига кириш, Яшнобод тумани ИИБ ХЧКваФРБда ишловчи мансабдор танишлари орқали уларни Тошкент шаҳрига доимий пропискага киритиш имкони борлигини айтиш билан қизиқтирган ҳолда мансабдор шахсларга пора беришга даъват қилиш топшириқларини берди. Гулсара ҳам ўз навбатида доимий рўйхатга қўйиш борасида таниш-билишларига кўрсатма бериб, мақсадларини амалга ошириш учун вилоятлик фуқароларни жалб этиш вазифасини топшириб, уларни ҳам уюшган гуруҳнинг аъзоларига айлантирди.

Гулсара режага асосан, таниш-билишлари орқали топган Бухоро вилоятида доимий рўйхатда турган Эсонова Мадинани ноқонуний йўл билан Тошкент шаҳрига доимий пропискага қўйиш мақсадида, уни Яшнобод тумани ИИБ ХЧКваФРБ мансабдор шахсларига пора бериш билан алдади.

– Опа, тушунинг, бу нарса битта менга боғлиқ эмас. Юқорида бошлиқларимиз бор, агар 3000 АҚШ доллари берсангиз, бу иш хамирдан қил суғургандай амалга ошади. Аввал Бухоро вилоятидан пропискадан чиқиб келишингиз зарур, – деди Гулсара.

Доимий прописка дардида куйиб-ёнаётган аёл унинг таклифига дарров кўна қолди. Келишувга кўра, аёл Бухорога бориб паспортини доимий рўйхатдан чиқариб келди ва паспорт билан 1500 АҚШ долларини Гулсарага топшириб, ваъда қилинган пулнинг қолганини ишлар ҳал бўлгандан кейин беришини маълум қилди. Орадан икки кун ўтгандан кейин Гулсара Эсонова Мадинага қўнғироқ қилиб, ваъда қилинган пулнинг ҳаммаси тўлиқ берилмаса, бошлиқлари ишни ҳал қилмаслигини билдирди. У Эсонова Мадина билан қолган пулни олиш учун Қўйлиқ бозорида учрашишга ваъдалашди. 3000 доллар пулни қўлга киритган Гулсара 1200 долларни ўзига олиб қолиб, 1800 долларни ва Эсонова М.нинг фуқаролик паспортини Яшнобод тумани ИИБ ХЧКваФРБ биноси яқинида Манзурага топширди.

Манзура Яшнобод тумани ИИБ ХЧКваФРБнинг қатъий ҳисобида бўлган муҳр ва штамплардан фойдаланган ҳолда, ХЧКваФРБнинг масъул мансабдор шахслари ва ходимларида шубҳа уйғотмаслик мақсадида, Эсонова М.нинг фуқаролик паспортининг яшаш жойи кўрсатилган саҳифасига “Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИБ рўйхатининг 2, 3, 5, 9-12-бандларига асосан доимий рўйхатга қўйилди” деб ёзилган штампни ҳамда думалоқ гербли муҳрни хуфиёна равишда босиб, доимий пропискада турганлиги тўғрисида сохта ёзув ва маълумотларни киритди. У Эсонова М.нинг асоссиз равишда Тошкент шаҳрига доимий пропискага қўйилганлигини яшириш ва ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслик мақсадида, унинг номига Яшнобод тумани ИИБ ХЧКваФРБ томонидан биометрик турдаги фуқаролик паспортини расмийлаштиришга асос бўлувчи ҳужжатларни ҳам сохталаштирди.

Ишнинг бунчалик осон битгани ва мўмайгина даромадга эга бўлгани унинг кайфиятини кўтариб, янада кўпроқ даромад топишга ундади.

Аюпова Бахтигул (исм-шарифлар ўзгартирилган) асли қорақалпоғистонлик бўлиб, 2005 йилда оиласи билан Тошкент шаҳрига кўчиб келди. Қайнонасининг доимий пропискаси борлиги туфайли аввалига турмуш ўртоғи, кейин ўзи қонуний равишда Тошкент шаҳрининг доимий пропискасига эга бўлди. У прописка масаласида ички ишлар бўлимига қатнаб юрганда Гулсара билан танишиб қолди. Шундан кейин паспорт юзасидан бирор иши бўлса унинг олдига келадиган бўлди.

Унинг доимий пропискага эга бўлганини эшитган танишларидан бири Рафиқов Ҳабиб мазкур масалада ундан ёрдам сўради.

У зудлик билан Гулсарага алоқага чиқди.

– Салом, Гулсара! Сиздан бир илтимосим бор эди. Яқин танишимга доимий прописка керак эди. Унинг ҳамма ҳужжатлари қонуний, фақатгина ишни тезлаштириш керак. Агар ёрдам берсангиз хафа қилиб қўймайди,– деди Бахтигул.

– Яхши, бошлиқларим билан гаплашиб кўрай, агар рози бўлса, сизга ўзим қўнғироқ қиламан, – деб жавоб берди Гулсара.

У узоқ куттирмади.

– Бахтигул, 700 доллар билан бирга барча ҳужжатларни олиб келинг, ҳамма иш ҳал бўлди, гаплашдим.

Аммо Бахтигул Ҳабибга ўзининг ҳам хизмат ҳақини қўшиб, 1000 доллар олиб келишни буюрди.

– Ҳамма ҳужжатларим қонуний бўлса, шунга ҳам 1000 доллар бераманми? – деди Ҳабибнинг жаҳли чиқиб.

– Ишим тезлашсин десангиз, берасиз, – деди пинагини бузмай Бахтигул.

Бахтигул Гулсарага Рафиқов Хабибга тегишли барча ҳужжатлар билан бирга 700 долларни берди, қолган 300 долларни эса чўнтагига урди. Шу тарзда у Гулсара билан алоқа ўрнатиб, унинг ишончига кирди. Бел оғритмай мўмай пул топишнинг бу усули Бахтигулга жуда ёқиб қолди, у энди ўзи ўлжа излайдиган бўлиб қолди. Қўшниси фарғоналик Шаҳло билан бўлган суҳбатда атайлаб паспорт хизматида яқин дугонаси ишлаши ҳақида оғиз кўпиртирди. Доимий пропискаси бўлмаган Шаҳло унинг гапларини маҳлиё бўлиб эшитди ва мазкур масалада ёрдам беришни сўради.

– Бу масалани дугонамни олдига бориб ҳал қилишим керак, телефонда гаплашиб бўлмайди, – деди Бахтигул.

– Майли, опа, гаплашиб кўринг. Дугонангизни хафа қилиб қўймайман,- деди Шаҳло ялинчоқлик билан.

У эртаси куни эрталабдан Гулсаранинг олдига бориб, қўшнисига доимий прописка кераклигини маълум қилди.

– Бу иш қалтисроқ ва ноқонуний бўлади, мазкур масалада раҳбарларим билан маслаҳатлашиб кўришим керак, уларни моддий томондан манфаатдор қилсамгина иш осонлик билан ҳал бўлади. Хизмат ҳаққи ҳам шунга яраша, агар 2000 доллар берса, бошлиқлар билан гаплашиб кўраман. Аввал паспортни вилоятдан ҳисобдан чиқариб келиш керак, – деди Гулсара.

– Яхши, ҳаммасини унга тушунтираман, – деди Бахтигул.

Аммо Бахтигул Шаҳлонинг олдига келиб, хизмат ҳақи 2000 доллар эмас, балки 3300 доллар бўлади, деди. Шаҳло берган пулнинг 1300 долларини олиб қолиб, қолганини Гулсарага етказди. Гулсара ва Манзуранинг каромати билан Шаҳло бир думалаб, доимий пропискали одамга айланди.

Шундай қилиб, Бахтигулнинг “доимий прописка” ҳадя этиш “санъати” оғиздан-оғизга кўчиб, тилларда достон бўлди. Энди одамларнинг ўзи уни излаб келадиган бўлди. У танишлари берган пул ва ҳужжатларни Гулсарага етказадиган, Гулсара эса “раҳнамоси” Манзура орқали вилоятликларни доимий прописка муаммосидан қутқарадиган бўлди.

У доимий пропискага қўйиш шарти билан хоразмлик Саидова Н.дан 2000, Худойбердиева М.дан 2800, “Мафтуна” исмли аёлдан 5.500, Каримов Э.дан 4500, “Гулбиби” исмли аёлдан 7200, қорақалпоғистонлик икки нафар эркакдан 7200 дан, 14400 АҚШ долларини олиб, уларнинг тенг ярмини ўз эҳтиёжларига ишлатиб, қолганини Манзурага берди. Манзура эса барча пора берган фуқароларнинг паспортларига доимий прописка муҳрини, дуч келган уйнинг рақамини қўйиб, рўйхатга олинганлик тўғрисидаги муҳрни босди ва прописка олиш учун асос бўладиган ҳужжатларни сохталаштирди. Доимий пропискага эга бўлган фуқароларнинг бу ҳақда бир-бирига маълум қилиши натижасида жиноий гуруҳ аъзоларининг сони 25 тагача етди. Уларнинг орасида талабалардан тортиб, ёқилғи қуйиш шаҳобчаси оператори-ю, директор котибаси ва диспетчерларни ҳам учратиш мумкин эди. Гуруҳнинг барча аъзолари занжир ҳалқаси каби бир-бирига боғланди.

Улардан бири Тошкент давлат Иқтисодиёт университетига ўқишга кирган сурхондарёлик Одилов Жавлон бирозгина ижара уйда яшагач, онаси Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидан уй сотиб олди ва улар кўчиб келиб, биргаликда яшай бошлашди. Бир куни Жавлоннинг уйига қўшниси қашқадарёлик Олим чиқди. Улар алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришди. Шунда Олим Тошкентга ўз вақтида кўчиб келиб, доимий пропискага эга бўлганлиги ҳақида гап очди.

– Ҳа, вақтида кўчиб келиб, яхши қилган экансиз, мана мен билан онамда доимий прописка йўқ, пойтахтда бу нарса жуда кўп муаммо туғдирар экан.– деди Жавлон Олимга.

– Эй, ука! Бу дунёда фақат ўлимнинг чораси йўқ. Бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор. Муллажиринг бўлса, бўлди. Агар жудаям доимий прописка керак бўлса, қўшни уйда яшовчи «Гуля» деган аёл бор. Шунга учрашсанг, ҳамма муаммонгни ҳал қилиб беради, – деди Олим.

– Мен уни танимайман, нима дейман бегона аёлга? – деди Жавлон елка қисиб.

– Ҳа, майли мавриди келса таништириб қўярман, бўпти, вақт ҳам алламаҳал бўлди. Мен уйга чиқай, – деди Олим.

Жавлон уни ташқарига кузатиб чиқди. Улар ҳовлига чиққанда, Олим “Ие, ана «Гуля»нинг ўзи!”, деб Жавлонга ҳовлида турган аёлни кўрсатди. Улар биргаликда «Гуля»нинг олдига яқинлашишди. Олим унга вазиятни тушунтирди, Жавлон онаси билан унга доимий прописка кераклигини айтди.

– Яшнобод туман паспорт столида мансабдор танишларим ишлайди, аммо прописка учун 6000 АҚШ доллари керак.

– Шу пулни топиб берсам, ҳамма ишим ҳал бўладими?

– Аввал онангни доимий пропискага қўямиз, шундан кейин сен ўз-ўзидан доимий пропискага ўтасан, шунда ҳеч қандай муаммо бўлмайди, – деди «Гуля».

Жавлон бу хабарни зудлик билан онасига етказди. Онаси ҳам ўз навбатида Сурхондарё вилоятидаги турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, маслаҳатлашди. Жавлоннинг отаси уйдаги қора молларни сотиб, уларга 6000 АҚШ долларини етказадиган бўлди. Шу тарзда аввал Жавлоннинг онаси, кейин укаси ва ўзи ҳам доимий пропискага эга бўлишди. Бир куни у ўртоқлари билан чойхонада ўтирганда, кайф устида қандай қилиб, доимий пропискага эга бўлганлигини оғзидан гуллаб қўйди. Бу хабарни эшитган таниши Ўткир унга “прописка бўйича” менга ҳам ёрдам бер, деб ёпишиб олди. У Ўткирга “6000 доллар беролсанг, ёрдам беришим мумкин”, деди. Шу тариқа у Ўткирдан 6000, Исроилов У.дан 13500, Ўктамга таниш бўлган аёлдан 7000 АҚШ долларини олиб, уларнинг маълум қисмини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб, қолганини “Гуля”га тутқазди. Пора берган ҳар бир шахс эса Манзуранинг шарофати билан Тошкент шаҳрининг доимий пропискасига эга бўлаверди.

Манзура ва Гулсара билан алоқада бўлган ҳар бир гуруҳ аъзоси таниш-билишлари орқали мўмайгина пулни олиб келиб бераётган вилоятлик фуқароларнинг бирортасини “хафа қилишмади”. Улар фирибгарлар тузоғига тушганлигини англамай, пора эвазига бўлса-да, ишлари битганидан хурсанд бўлиб юраверишди.

Аммо кўза кунда эмас, кунида синади, дейди доно халқимиз. Уларнинг сирлари фош бўлгач, гуруҳ аъзолари ва барча пора берган шахслар Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Яшнобод туман ИИБ ХЧК ва ФРБ ходимлари ҳам хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганликлари учун жазодан бенасиб қолмади. Тергов жараёнида доимий пропискага қўйилган фуқароларнинг рўйхатга қўйилган манзиллари текширилганда, у ерда умуман бошқа одамлар яшаши, юқорида номлари келтирилган одамларнинг бирортасини танимасликлари аниқланди.

Жиноят иши бўйича етказилган моддий зарар жами 188.852.843 сўмни ташкил қилиб, шундан тергов ҳаракатлари давомида юқорида номлари келтирилган айбланувчилар мазкур пул миқдорининг 39.699.502 сўмини қоплади, Холбоева Манзурага тегишли 159.639.000 сўмлик уй-жой ва 13.206.000 сўмлик автоулов хатланди.

Биз мазкур мақолага жиноят ишига тегишли барча тафсилотларни сиғдира олмадик, чунки занжирни эслатувчи бу воқеа шунчалик узундан-узоқ эдики, унда номлари келтирилган одамлар-у, барча воқеа-ҳодисалар ҳақида батафсил маълумот бериш имкониятимиз чекланган. Шундай бўлса-да, сизларни юқоридаги каби фирибгарлар тузоғига тушишдан огоҳ этиш мақсадида ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этдик.

Ўзбекистон республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов Департаменти катта терговчиси, капитан Элбеков Талъат

Лола Шоимова журналист

Изоҳ билдириш