2812

Алишер Усмонов Тошкентдаги концертга хомийлик қилади

Жамият 7 апрель 17:28 383

Жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳри саҳналарида Россиянинг машҳур санъаткорлари — дирижёр Валерий Гергиев бошчилигидаги Мариинский театри симфоник оркестри, балерина Диана Вишнёва ва мазкур театр балет труппаси ҳамда дирижёр Владимир Спиваков раҳбарлигидаги Россия миллий филармония оркестри чиқишлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дарё»га тадбир ташкилотчилари маълум қилди.

13 апрель куни «Ўзбекистон» халқаро форумлар саройида россиялик атоқли дирижёр, Мариинский театри бадиий раҳбари Валерий Гергиев бошчилигидаги театр симфоник оркестри концерти бўлиб ўтади. Машҳур созандалар билан биргаликда саҳнага ўзбекистонлик пианиночи Беҳзод Абдураимов ҳам кўтарилади.

14 апрель куни Россия халқ артисти, Диана Вишнёва ўзбекистонлик мухлисларни ўз санъатидан баҳраманд этади. Мариинский театри прима-балеринаси Алишер Навоий номли Давлат академик катта театрида бўлиб ўтадиган кечада «Кармен-сюита» балетини тақдим қилади. Шунингдек, театр балет труппаси солистлари томонидан «Дон Кихот», «Оққуш кўли», «Анна Каренина», «Шаҳризода» ва бошқа балет асарларидан парчалар намойиш этилади.

26 апрель куни «Ўзбекистон» халқаро форумлар саройи Владимир Спиваков раҳбарлигидаги Россия миллий филармония оркестри концертига мезбонлик қилади. Кечада россиялик етакчи опера солистлари — Анна Аглатова, Василий Ладюк ва махсус меҳмон — Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов ҳам иштирок этади.

Тошкентдаги мумтоз санъат кечалари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Алишер Усмоновнинг «Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармаси томонидан ташкил этилмоқда.

 

Изоҳ билдириш