9878

Саудия Арабистони Қатарни қамал қилганини рад этди ва Доҳага ёрдам бермоқчи

Дунё 15 июнь 8:14 260

Вашингтонга сафар билан келган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр Қатарга қарши киритилган чораларни қамал эмас, бойкот деб атади ва қиролликнинг Қатарга ёрдам жўнатишга тайёрлигини билдирди.

«Буни қамал дейиш нотўғри. Биз ҳаво ҳудудимиздан фойдаланишни ман этишдан иборат суверен ҳуқуқимизни қўллаяпмиз, холос. Оилаларга давлатдан-давлатга ўтишга рухсат бердик, уларни ажратаётганимиз йўқ. Зарур бўлса, Қатарга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришга ҳам тайёрмиз», — деди дипломат АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон билан учрашуви олдидан.

Вазирнинг айтишича, Қатарнинг денгиз портлари ва аэропортлари очиқ, уларга нисбатан қамал йўқ, киритилган тақиқлов эса фақатгина Қатар самолётларига тегишлидир.

Эслатиб ўтамиз,  5 июнда Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистони, Миср, Яман, Ливиянинг муваққат ҳукумати, Мальдив Республикаси ва Маврикий Республикаси Қатар билан дипломатик алоқаларни узишларини маълум қилгандилар. Кейинроқ уларга Мавритания, Комор ороллари қўшилган, Иордания эса Қатардаги элчихонаси даражасини пасайтирганди. Бир қатор давлатлар Қатарга қарши чоралар кўришларини, жумладан денгиз ва авиа алоқани тўхтатишлари, Қатар дипломатлари ва фуқароларини ўз ҳудудларидан чиқариб юборишларини маълум қилганлар.

Изоҳ билдириш