8747

Тўрт араб давлати Қатар билан алоқаларини узди

Дунё 5 июнь 12:02 381

Тўрт араб давлати – Баҳрайн, Саудия Арабистони, Миср ва БАА бугун эрталаб Қатар билан дипломатлик алоқаларни узганини маълум қилди.

Бу ҳақида биринчи бўлиб Баҳрайн билдирди. Расмий Манана Қатарни Баҳрайндаги хавфсизлик ва барқарорлик билан боғлиқ вазиятга путур етказиш, мамлакатнинг ички ишларига аралашиш ва террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблади.

Баҳрайн қатарлик дипломатларга мамлакатни тарк этишлари учун 8 соат муҳлат берди. Баҳрайнликларга Қатарга бориш тақиқланди.

Бир неча дақиқадан кейин Ар-Риёд, Қоҳира ва Абу-Даби ҳам Қатар билан дипломатик алоқалар узилганини эълон қилди. Бу давлат билан авиа ва денгиз қатнови тўхтатилди.

Шунингдек, Саудия Арабистони бошлиқ араб коалицияси Қатарнинг Яманда олиб борилаётган ҳарбий операциядаги иштироки тўхтатилганини маълум қилди ва бунга Доханинг “Ал-Қоида” ва ИШИДни қўллаб-қувватлашини сабаб қилиб кўрсатди.

Қатар ва унинг қўшнилари ўртасидаги муаммо Ар-Риёдда Форс кўрфази мамлакатлари ва АҚШ саммити бўлиб ўтганидан бир ҳафта кейин бошланди. Қатар ахборот агентлиги мамлакат амири номидан Эрон билан алоқалар қўллаб-қувватланиши ҳақидаги баёнотни эълон қилди. Ҳолбуки, Ар-Риёддаги саммитда Эроннинг хатти-ҳаракатларини қораланган эди. Кейинроқ Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили агентлик сайти хакерларнинг ҳужумига учрагани ва баёнотни хакерлар эълон қилганини, унинг мамлакат амирига алоқаси йўқлигини айтди. Аммо Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн бу гапга ишонмади.

Изоҳ билдириш