8468

Жанубий Корея президенти сайловолди берган ваъдасини бажариш учун 159млрд доллар сарфламохчи

Дунё 1 июнь 15:18 361

Корея Республикасининг режалаштириш бўйича миллий маслаҳат қўмитаси мамлакат президенти Мун Чжэ Иннинг сайловолди дастурида давлат секторида 810 мингта иш ўрнини яратиш бўйича берган ваъдасини амалга ошириш учун маблағ излашга тушди. Бу ҳақида молия ва давлат режалаштириш вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботда айтилган, деб ёзмоқда Тасс.

Ҳужжатда кўрсатилишича, бу мақсадлар учун 159 млрд. доллар талаб этилади. «Улардан 100 млрд. долларини бюджет харажатларини қисқартириш ва молиявий ислоҳот ўтказиш ҳисобидан таъминлаш режалаштирилган», – дея таъкидланади ҳисоботда.

Шу билан бирга, қолган 59 млрд. долларни солиқ тушумларидан йиғиш мўлжалланган. Идоранинг кўрсатишича, “солиқларни оширмасдан туриб буни қилиш қийин бўлади”.

Мун Чжэ Иннинг фикрича, ёшлар ўртасидаги ишсизлик дарҳол ҳал қилиш лозим бўлган асосий муаммолардан биридир. Давлат раҳбари бир ҳафта аввал ўз офисида меҳнат бозоридаги вазият ҳақида маълумотлар берувчи мониторларни жойлаштириш ҳақида қарор ҳам қабул қилди.

Президентнинг кўрсатишича, ҳукумат бу масала билан жиддий шуғулланиши лозим. Унинг сўзларига кўра, иш ўринларини яратиш сиёсати иқтисодиёт ўсишини таъминлашнинг энг яхши стратегиясидир. У аҳолининг даромадлар ҳажми бўйича ажралиши муаммосини ечади ва ижтимоий таъминот тизимининг ривожига ҳисса қўшади.

2017 йилда Жанубий Кореядаги ишсизлар сони 2000 йилдан бери илк бор миллион кишидан ошиб кетди ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг 3,7 фоизини ташкил этди. Шу билан бирга, 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси 9,8 фоизга тенг бўлган.

Изоҳ билдириш