7411

Филиппин президенти Россияга келди

Дунё 23 май 16:06 441

Филиппин президенти Родриго Дутерте душанба, 22 май куни расмий ташриф билан Москвага келди. Уни Внуково-2 аэропортида РФ ТИВ раҳбари ўринбосари Игорь Моргулов ва икки давлат вакиллари кутиб олишди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Дутерте 22-26 май кунлари Россияда бўлади. Филиппин ТИВнинг хабарига кўра, президентнинг Россияга ташрифидан мақсади икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Филиппин етакчиси Родриго Дутертенинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви 25 май куни бўлиб ўтади, деб  хабар қилмоқда Кремл маъмурияти матбуот хизмати. «Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари режалаштирилмоқда», — дейилади матбуот хизмати хабарида. Ташриф якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинади, қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланади.

Бундан ташқари, учрашув давомида халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилади, бунда асосий эътибор Осиё-Тинч океани минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилади.

Аввалроқ, Филиппин мудофаа вазири Делфин Лорензана россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан учрашувида Филиппин ва Россия Дутерте ташрифи чоғида мудофаа соҳасида ҳамкорлик келишувини имзолашини билдирган эди. Дутертенинг ўзи ҳам РФга ташрифи олдидан россиялик ОАВга берган интервюсида хавфсизлик ва мудофаа масалалари марказий мавзу бўлишини айтган эди. Филиппин етакчиси, хусусан, РФ қурол-яроғлари етказиб берилишига умид қилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Филиппин раҳбари Родриго Дутерте билан Перуда бўлиб ўтган ОТИҲ саммитида учрашган ва Россияга таклиф қилган эди.

Изоҳ билдириш