6315

Яман пойтахтида вабо эпидемияси сабабли фавқулодда ҳолат жорий қилинди

Дунё 15 май 12:17 243

14 май куни Яман пойтахти Сана шаҳрида вабо касаллиги кенг тарқала бошлагани туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ушбу касаллик шу пайтгача 10лаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги.

Аввалроқ, Халқаро қизил хоч жамияти шу йил апрел ойи охирида вабо касаллиги пайдо бўлишидан шу пайтга қадар 115 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган эди. ХҚХЖ вакили Доминик Стиллхартга кўра, мамлакат ҳукумати 14 вилоятда 8,5 мингдан ортиқ касалланиш ҳолларини аниқлаган.

Яман соғлиқни сақлаш вазирлиги гуманитар ташкилотларга мурожаат қилиб, эпидемияга қарши курашда ёрдам беришга чақирди. Яманнинг Saba агентлигининг таъкидлашича, мамлакатдаги соғлиқни сақлаш тизими бир неча йилдан бери давом этиб келаётган можаро туфайли издан чиққан ҳамда муаммога қарши кураша олмаяпти.

Яман ҳукумати касаллик ҳақида 2016 йил октябр ойида илк маротаба хабар қилган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, вабо тарқалиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда 7,6 млнга яқин киши истиқомат қилади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш