5393

Талабалар, мигрантлар, маҳбуслар: ИД домига кимлар ва қай тарзда илинмоқда

Дунё 29 апрель 8:31 351

Террорчилар қармоғига кўпроқ кимлар илинади, мессенжерлар нимаси билан хавфли ва турма нега ёлловчилар учун жаннатга айланди. Sputnik мухбири МДҲ Антитеррор маркази раҳбари Андрей Новиков билан суҳбатда бўлди

27 апрель куни Калининградда «Ислом жиҳоди — мужоҳидлар жамоати» халқаро террорчилик ташкилоти бўлими етакчиси қўлга олинди. У анчадан буён кишиларни террорчиликка жалб этиш билан шуғулланаётганлиги ва Ўзбекистонда унга нисбатан экстремизмда айбланиб жиноят иши очилганлиги маълум бўлди.

МДҲ Антитеррор маркази раҳбари, полиция генерал-полковниги Андрей Новиков ёлловчи-террорчилар технологияси ва уларнинг эҳтимолий қурбонлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди. Бир йил илгари ҳам одам ёллашнинг энг кенг тарқалган усули ижтимоий тармоқлар орқали моҳирона тарғибот олиб бориш эди, лекин Ҳамдўстлик мамлакатлари тегишли идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида бу ҳолат кейинги вақтда сезиларли равишда камайди. «Хавфсизлик органлари ва махсус хизматларнинг самарали фаолияти ёлловчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини сусайтирди. Бироқ улар жиноий мақсадларидан қайтганлари йўқ. Уларнинг фаоллиги турли мессенжерлар — биринчи навбатда WhatsApp, Viber ва Skypeга кўчди. Бу ҳолат маълум жиноий ишларни тергов қилиш жараёнида ўтказилган компьютер экспертизалари таҳлил қилинганда сезилади «, — деди Новиков.

У шунингдек, хавфсизлик ва махсус хизмат органлари ёллаш билан шуғулланувчи ресурслар ҳақида ўзаро ахборот алмашинувни йўлга қўйишгани ва уларни бутун МДҲ маконида бартараф қилиш бўйича умумий ёндашувга эришишганини таъкидлади.

ИШИДга талабалар нега керак
Экспертлар ёлланишга мойил уч тоифа фуқароларни ажратиб кўрсатишади: ёшлар, жиддий иқтисодий ва руҳий зўриқиш остидаги меҳнат мигрантлари ва маҳбуслар. «Криминологияда «виктимлик» деган атама бор — бу қурбон бўлишга мойиллик дегани. Биз бу атамадан бизнинг нуқтаи назаримизга кўра ўз мақоми, иқтисодий, ижтимоий ёки ёш мавқеига кўра ўзгалар томонидан ёлланиш эҳтимоли бўлган аҳоли гуруҳларини ифодалашда фойдаланамиз», — тушунтирди Новиков. Талабалар етарлича ҳаётий тажрибага эга бўлишмагани учун виктимлар гуруҳига киритилди. Ёшлар қилаётган ишининг оқибати ҳақида холис фикрлай олишмайди: «Агар ИШИДга қўшилсам нима бўлади? Сурия ёки Ироққа кетсам нима бўлади? У ердан қандай қайтаман? Агар улар дастлабки иккита саволга жавоб бера олишса ҳам, учинчисига жавоб тополмайдилар», — деди у.

Бундан ташқари, «Ислом давлати» (Россия ва бошқа қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти) ўз сафининг нафақат жангчилар, балки IT-технология, лингвистика, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги мутахассислар билан тўлдирилишидан манфаатдор. Ушбу сохта давлатга мутахассислар зарурлиги учун ҳам талабалар хавф остида бўлишади.

Меҳнат мигрантлари: олтин тоғлар ҳақидаги афсоналар МДҲ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматларини ёлланиш эҳтимоли юқори бўлган яна бир фуқаролар гуруҳи қизиқтиради. Гап меҳнат мигрантлари, биринчи навбатда Марказий Осиёдан келган мигрантлар ҳақида бормоқда. Россияга мигрантлар онги заҳарланган ҳолда келишади деган фикр тарқалган. Аслида бу мутлақо нотўғри, деб ҳисоблайди Новиков. Меҳнат мигрантларининг катта қисми оиласига ёрдам бериш учун Россияга пул топгани келган ва уйга қайтишга тайёр ҳалол кишилардир. «Меҳнат мигрантларининг кўпчилиги Россияда ёлланади. Бу ҳақда жиноят ишлари материаллари гувоҳлик бериб турибди. Гап саноқли миқдордаги мигрантлар ҳақида бормоқда», — деди Новиков. Бошқа маданият, тил муҳитига тушиб қолган меҳнат мигрантлари улкан руҳий зўриқиш шароити остида яшайдилар. Уларни мачитларда эмас, қурилишларда, бозорларда, умумий ётоқхоналарда жалб этишади. Баъзида экстремистлар мигрантнинг экстремистик қарашларга муносабати қандайлигини ижтимоий тармоқ орқали синаганларидан сўнг у билан учрашишади.

«Марказий Осиёдаги қатор давлатларда иқтисодий вазият мураккаб, у ердагилар ҳақиқатан ҳам пулга муҳтож. Экстремистик фикрлар билдирган мигрантларни аниқлагач, ундайлар аслида кўп эмас, ёлловчилар уларга пул таклиф қилишади. Ёлловчи жангларда қатнашиш учун ойига минглаб долларлар берилишини ваъда қилгач, айримларга бу таклиф жозибали кўринади», — тушунтирди Новиков. Аммо энг асосийси яширилади — мигрантга сохта пул берилиши, умуман пул берилмаслиги, жангариларнинг ўртача ҳаёт давомийлиги бир неча ойдан ошмаслиги ҳақида айтишмайди. Ёлланган киши Сурияга келганида эса жуда кеч бўлади: уйга қайтай деса жиноий жавобгарликка тортилади, урушда эса Сурия армияси ёки Россия ҲҲК зарбасига дуч келиш хавфи ҳар куни таъқиб этади. Гуруҳлар қандай шаклланади ИШИД ижтимоий тармоқлар орқали одамларни жалб этишдан ташқари яна бир «лойиҳа»ни жорий қилган — интернетда террорчиларнинг мустақил гуруҳларини ташкил қилиш бўйича йўриқномалар жойлаштирган.

Булар қўлбола портлаш ускуналарини тайёрлаш, қора бозордан қурол сотиб олиш бўйича дарсликлар, қўлланмалар, видеоматериаллардир.

«Янги ёлланган жангари билан икки хил усулда иш олиб борилиши тахмин қилинади: у ёки ИШИД лагерларида тайёргарликдан ўтади ёки ўзи мустақил равишда онлайн орқали тайёрланади ва ўзи яшаётган жойдаги кичик гуруҳ таркибида ҳаракат қилади», — деди эксперт.

Изоҳ билдириш