46959

Ақтўбе фожиасининг асл сабаби расман эълон қилинди

Дунё 6 сентябрь 11:30 2 631

Қозоғистонда бўлиб ўтаётган суд мажлисида Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ўлимига сабаб бўлган Оқтўба фожиасининг асл сабаби расман эълон қилинди. Бу ҳақида Nur.kz сайти хабар қилди.

Суд эшитувларига 11 киши – Ўзбекистондан фожеа оқибатида ҳаётдан кўз юмганларнинг қариндошлари ҳамда айбланувчи – автобус ҳайдовчиси Мақсат Пернебековнинг опаси ҳам етиб келган.

Судланувчилар беш киши бўлиб, улар уч нафар автобус ҳайдовчиси ҳамда “Азия транзит сервис” транспорт компанияси таъсисчиси ва бу компания механигидир. Судда прокурор Усмон Ўринбасарули ёнган автобусга эгалик қилувчи «Азия транзит сервис» компанияси раҳбари ва ходимлари бўлган судланувчиларга хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараш, носоз автотранспортни эксплуатация қилиш оқибатида икки ва ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби айбловларни илгари сурди.

Автобус ҳайдовчилари– Нуржан Қирғизбаев, Мақсат Пернебеков ва Барат Танатов2018 йилнинг 26 январидан бери Ақтўбедаги тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилибди. Уларга нисбатан икки ва ундан ортиқ кишининг ўлимига олиб келган ёнғин хавфсизлиги талаблари ва транспорт воситалари эксплуатацияси қоидаларини бузиш айби қўйилмоқда.

Қолган икки нафар судланувчи Ақтўбедан чиқиб кетмаслик борасида тилхат билан озодликка чиқарилган эди. Компания таъсисчиларига юридик шахс сифатида ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажармаслик ва носоз транспорт воситасини эксплуатацияга чиқариш, ҳужжатларни сохталаштириш каби айблар қўйилмоқда.

Механикка носоз автобусни йўналишга чиқариш айби қўйилган.

Уч ҳайдовчи солярка музлаб қолгунига қадар навбат билан автобусни бошқариб борган.

2018 йилнинг 18 январида фожиа юз берган куни ҳайдовчи Нуржон Қирғизбоев йўловчилар исиниши учун кавшарлаш лампасини салонга олиб кирган ва яна бир ҳайдовчи Барот Танатов билан бирга ташқарига чиқиб кетган. Қирғизбоев ва Танатов пастга тушиб шу атрофда тўхтаб турган машинадан автобусни тортиб кетишни сўрамоқчи бўлишган.

Автобусга қайтганларида йўловчилардан бирининг шими ёнаётганини кўришган. Йўловчи ташқарига отилиб чиқиб қорда кийимини ўчирмоқчи бўлган. Бу пайтда автобус портловчи газлар билан тўлиб қолганди. Портлашдан бир неча сония олдин йўловчилардан бири ва ҳайдовчи Мақсад Пернебеков салондан чиқишга муваффақ бўлган, лекин уларнинг оёқ-қўллари куйган.

Портлаш содир бўлган ва иккинчи қаватдаги 52 йўловчининг барчаси тириклай ёниб кетган”, — деган прокурор суд мажлисида.

Маълумот учун, Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган автобус 18 январь куни Ақтўбе вилоятининг Иргиз туманидаги трассада ёниб кетганди. Беш киши тирик қолган, 52 киши ҳодиса жойида ҳалок бўлганди.

Изоҳ билдириш