4156

Хитойда 84 та янги ҳарбий қисм тузилди

Дунё 19 апрель 14:06 369

Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин мамлакат Халқ-озодлик армиясини кенг кўламли ислоҳ этиш доирасида 84 та янги ҳарбий қисмни ташкил қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақида ХХР мудофаа вазирлиги хабарида айтилган.

Си Цзиньпин сешанба куни мамлакат Марказий ҳарбий кенгашининг Пекиндаги қароргоҳига келган ва янги ташкил этилган ҳарбий қисмлар раҳбарлари билан учрашди. «Си Цзиньпин томонидан фармонда маълум қилинишича, 84 та янги ҳарбий қисм ташкил этилади. Бу армияни ислоҳ этиш ва мустаҳкамлаш бўйича яна бир муҳим қадам» – дейилади хабарда.

ХХР раисининг маълум қилишича, янги тузилмалар – янги тизимнинг муҳим қисми бўлиб, Хитой давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ривожланишини ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Шунингдек, Си Цзиньпин янгитдан ташкил этилган бирлашмалар “исталган вақтда” уруш олиб боришга тайёр бўлиши, ҳарбий ишни, барча турдаги жанговар амалиётларни амалга оширишни ўрганиши ҳамда жанговарлик ва техник жиҳатдан жиҳозланганлик даражасини оширишда ёрдам бериши, кўпроқ ҳарбий машқлар ўтказиши кераклигини белгилаб қўйган.

China Daily газетасининг ёзишича, барча 84 та янги тузилма корпуслар даражасидаги бирлашмалардан ташкил этилган бўлиб, бу уларнинг қўмондонлари лавозими оширилганини англатади. Шунингдек газетанинг таъкидлашича, янги ҳарбий қисмлар кўп эҳтимол билан ҳозирги таркибни қайта тузиш ёрдамида ташкил этилган.

Янги бирлашмаларни яратиш Хитой қуролли кучларини кенг кўламли ислоҳ этишдаги муҳим қадам бўлди.

Айни дамда Хитой ўз қуролли кучлари модернизацияси билан фаол равишда шуғулланмоқда. Аввалроқ Си Цзиньпин технологик инновациялар “мамлакаат армияси ва миллий мудофаасини мустаҳкамлашда муҳим омил экани”ни маълум қилганди. Хитой етакчисининг фикрича, мамлакат Халқ-озодлик армияси келажаги инновациялар ва ислоҳотларга боғлиқ.

ХХР Халқ-озодлик армияси 1927 йилнинг 1 август куни ташкил этилган. 2015 йилнинг сентябрида Си Цзиньпин Хитой 2017 йилнинг охирига қадар ўз қуролли кучлари сонини жанговар бўлмаган таркибдан 300 минг киши ҳисобига қисқартириши ҳақида эълон қилди. Бироқ шунга қарамай, Хитой армияси дунёдаги энг йирик армия бўлиб қолмоқда. Унинг таркибида 2 миллион киши бор.

Изоҳ билдириш