4097

Филиппинда автобус иштирокидаги автоҳалокат 31 кишининг умрига зомин бўлди

Дунё 19 апрель 9:53 267

Филиппинда автобус иштирокидаги автоҳалокатда ҳалок бўлганлар сони 31 кишигача ортди, деб хабар бермоқда «Франс Пресс» ахборот агентлиги.

18 апрелда бир неча ўнлаб йўловчиларни олиб кетаётган автобус Нуэва-Эсиха вилоятида жарликка қулаган. Дастлаб 24 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Охирги маълумотларга кўра, 46 киши жароҳат олган, улардан 4 нафарининг аҳволи оғир дея баҳоланган. Ҳаммаси бўлиб автобусда 77 йўловчи бўлган.

«Ғилдирак тешилгач, автобус жарликка қулаган. Кўринишича, автобус меъёридан анча ортиқ юкланган бўлган. Шу сабаб унинг ғилдираклари дош бера олмаган», деб айтди маҳаллий полиция вакили. Аввалроқ гувоҳлар воқеа вақтида автобус жуда тез кетаётган бўлганини айтишган.

Филиппинда бундай фожиалар айниқса тоғли ҳудудларда тез-тез юз бериб туради. Охирги йилларда энг йирик бундай йўл-транспорт ҳодисаси 2010 йил августида юз берган. Ўшанда автобуснинг дарага қулаши оқибатида 40 дан кўпроқ одам ҳалок бўлган.

Изоҳ билдириш